“Яшил макон”да нима ўзгарди? (+видео)
2021 йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида, ҳар йили 200 млн тупдан жами 1 миллиард туп кўчат экиш, йирик шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳажмини 30 фоизга етказиш белгиланган.Ўтган давр мобайнида яшиллик дунёсига муносабат турлича бўлди. Кимдир боғ яратди, яна кимдир гектарлаб бўш турган ерларни ўзлаштириб ниҳол қадади. Ҳудудлар обод бўлди, массивлар атрофлари яшилликка бурканди, яшил белбоғлар ҳосил қилинди. Бироқ, мутасаддилар томонидан шошма-шошарлик билан, ишни тўғри ташкил қилинмаган ҳудудларда минглаб кўчатлар бой берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат ўтқазилиши, лекин дарахт кўчатлари экиладиган жойлар шу пайтгача белгиланмагани, суғориш тизимлари ва кўчатга пул ажратилмагани танқид қилинди. Йиғилишдан сўнг ҳудудларда ишлар кўлами ҳам, сифати ҳам ошди. Дала маданияти хаттоки чекка қишлоқларда ҳам бўй кўрсата бошлади. Масалан, Тошкент вилояти республикамизнинг катта ҳудудларидан бири бўлиб, ерлари унумдор, аҳолиси меҳнаткаш. Бугунги кунда ҳудудда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, жойларда бўш турган ерларни аниқлаш ишлари давом этмоқда. Жумладан, Пискент туманидаги ўрганишлар натижасида “Мингтепа” МФЙ ҳудудидан 4.5 гектардан зиёд бўш турган майдон аниқланди. Айтиш керакки, сув келтириш муаммо бўлгани учун ушбу унумдор ерлар узоқ вақт ўзлаштирилмаган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TtM0BsIx8NQ" title="“Yashil makon”da nima oʻzgardi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>- Ёнғоқ ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, ушбу майдонда “Яшил макон майдончаси” ташкил этилади, - дейди Тошкент вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Бегзод Тўйчиев. – Ушбу ишлар вилоятимизнинг барча маҳаллаларида давом этмоқда. Ўзлашттирилмаган ер майдонлари аниқланиб, шу майдонларда юртбошимизнинг 29 март куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлари ижроси юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташаббуси билан мазкур ҳудудга жавобгар шахс ва унга ойлик иш ҳақи белгиланди. 80 метр чуқурликдан сув чиқариб берилмоқда. Ер майдони ҳайдалиб, 3 минг туп ёнғоқ, 5 минг туп терак кўчатлари ўтқазишга тайёрлаб берилмоқда. Кўчат ораларига эса полиз, сабзавот маҳсулотлари экиш мумкинлиги тушунтирилди. Бу эса 2.5 миллион сўм ойликка яна қўшимча даромад деганидир. Масалан, 4 гектар ердан 200 тоннадан зиёд помидор олиш мумкинлиги агрономлар томонидан тушунтирилди. Хуллас, чекка ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиши баробарида, яна бир ижтимоий муаммо, ишсизлик қатламини камайтиришга ҳам эришилмоқда.
Санжар Тошпўлатов, Муслим Юсупов, Аброр Содиқов (видео), ЎзА