“Яшил макон”: хайрли ишлар кўлами кенгаймоқда
Мамлакатимизда табиий экотизимни сақлаш ва тиклаш, табиий капитални кўпайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буни Навоий вилоятида олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари мисолида кўриш мумкин.
– Навоий вилоятида 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида автомобиль йўллари, фермер хўжаликлари далалари, корхона ва ташкилотлар ҳудудлари, маҳаллаларда 5,3 миллион туп дарахт кўчатлари экилди, – дейди Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Раззоқов. – Жорий йил баҳорида бу иш давом эттирилиб, яна кўплаб кўчат экилиши режалаштирилган.
Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси, қишлоқ хўжалиги кластерлари, шунингдек, кўчат тайёрлашга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан қурғоқчил иқлимга чидамли дарахт кўчатлари шартнома асосида етказиб берилмоқда. Ушбу мақсадлар учун бюджет маблағлари, шунингдек, корхона, ташкилот ва тадбиркорлик субектлари томонидан 24,2 миллиард сўм йўналтирилди. Шунингдек, вилоятдаги ипакчилик кластерлари томонидан 40 минг тупдан ортиқ тут кўчатлари етказиб берилди.

Натижада Кармана туманидаги Хазора қишлоғи ҳудудида томчилатиб суғориш усулидан фойдаланган ҳолда 20 гектар майдонда тутзор барпо этилди. Бундан ташқари, вилоятнинг чўл ҳудудлари ҳисобланган Томди, Учқудуқ ва Конимех туманларида яшил қопламаларни барпо этиб қум ва чанг бўронларининг олдини олиш мақсадида Давлат ўрмон хўжаликлари томонидан 61 минг гектарда саксовул уруғлари экилиши таъминланди. Ушбу майдонлар учун талаб этиладиган 244 тонна саксовул уруғликларидан 72 тоннаси Қорақалпоғистон Республикасидан келтирилди.
Бугунги кунда вилоятда дарахт ва бута кўчатлари етиштиришга ихтисослашган 23 та оилавий фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда.
– Конимех туманидаги Шўртепа маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.Чангбоев ва У.Туримов ўз томорқасида жами 25 минг туп ёнғоқ, бодом, узум кўчатлари етиштирмоқда, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Хайрулла Бақоев. – Шунингдек, Хатирчи тумани “Хатирчи келажаги” фермер хўжалигида 130 гектар, шундан 100 гектарида ток кўчатлари, 30 гектарида 20 минг донадан ортиқ мевали дарахтлар экилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган. Нурота туманидаги “Нурота кўҳна боғлари” фермер хўжалиги томонидан эса 108 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниб, ток, мевали ва манзарали кўчатлар экилмоқда.

Кўчат экиш ишларини самарали ташкил этиш учун туманлар ҳокимликлари томонидан кам таъминланган аҳоли хонадонларига 160 минг. донадан ортиқ манзарали ва мевали дарахтлар бепул тарқатилиб экилиши таъминланди. Суғоришда муаммоли ҳудудларда 377 километр тармоқ аниқланиб таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Носозликларни бартараф этиш учун 268 гектар майдонда 48 та қудуқ қазиш, 92 километр қўшимча суғориш каналлари қазиш, қўшимча томчилатиб суғориш тизимлари ва 17 та суғориш насосларини ўрнатиш белгилаб олинди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, айни пайтда манзарали ва мевали кўчатлар экиладиган ҳудудларда 64 та тўғри қудуқ қазилган. Қўшимча 180 километр ариқ ётқизилиб, 39 та суғориш насоси ўрнатилган. 99 километр сув қувурлари ва ўнта носоз насос агрегатлари таъмирланган. 32,5 километр ариқлар тозаланган. Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” ни ташкил этиш ва сақлаш бўйича вазифалар белгилаб берилган. “Яшил боғлар” ташкил этиш учун Навоий вилоятида 120,8 гектар майдонда ўн саккизта, умумий майдони 48 гектар бўлган “яшил жамоат парклари” учун ўн еттита жой танлаб олинган.

– Навоий шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласи ҳудудида 2,5 гектар майдон ажратилиб, 3 мингдан ортиқ қимматбаҳо манзарали дарахтлар экилди, – дейди шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нодир Муродов. – “Ғалаба” маҳалласи ҳудудида эса бир гектар майдонда жамоат парки ташкил қилиниб 1,5 минг дона қимматбаҳо манзарали кўчатлар экилди. Шунингдек, “Ёшлик” маҳалласи Таробий кўчасида, “Маърифат” маҳалласи “Ватанпарвар” кўчасида жами 2,1 киломтер масофада “Чинни гужум” кўчаси ташкил қилиниб, ҳудудга 5200 тупдан ортиқ чинни гужум кўчатлари экилди. Уларни суғориш мақсадида эса 2 дона тик қудуқ қазилди. Жорий йил баҳор фаслида бу ишлар давом эттирилиб, маҳаллий иқлим шароитига мос мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган.
Бугунги кунда туманлардаги ўрмон ва оилавий кўчатчилик хўжаликларида 4,5 миллион дона турли хилдаги дарахт кўчатлари парвариш қилинмоқда. Келгусида вилоятда дарахт кўчатларига бўлган талабни қондириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳолининг банд бўлмаган қисмини кўчатчилик соҳасига жалб қилиш мақсадида ҳар бир туман ҳудудида 5 гектардан кам бўлмаган кўчатхоналарни ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА