“Яшил макон”: Олот яшилликка бурканмоқда
Бухоро вилояти Олот туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кенг қулоч ёймоқда. Туманда лойиҳа доирасида 597 минг 600 туп кўчат ўтқазиш ҳаракати бошланди.
Маълумотларга кўра, жорий мавсум туманда автомобиль йўллари ёқасида 68 минг туп, фермер хўжаликлари фойдаланишидаги ер майдонлари атрофларига 140 минг туп, Ўрмон хўжалиги ташкилотлари ҳудудларида 73 минг 600 туп, ижтимоий соҳа иншоотлари, идора ва ташкилотлар ҳудудида 28 минг тупдан ортиқ, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоғидаги иншоотлар ҳудудида 35 минг туп кўчат ўтқазишга киришилган.
Худди шундай, туман наслчилик хўжалигида 15 минг туп, сувоқова туман филиали томонидан 10 минг туп, электр тармоқлари ва газ таъминоти бўлимлари жами 1 минг туп, маданият бўлими 1 минг 600 туп, қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинларида 125 минг 300 туп ток ва тут кўчатлари ўтқазилиб, боғ барпо этиш мақсадида 23 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши кўзда тутилган.
Буни биргина тумандаги “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида бораётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳудуд секторлари раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар, маданият бўлими мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, имом хатиблар, ёшлар, ободонлаштириш ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлган кўчат ўтқазиш тадбири халқимизнинг ниҳол ўтқазиб боғ яратишдек азалий қадриятининг яққол кўриниши бўлди.
[gallery-14207]
Кўчат ўтқазишга бағишланган тадбирда сўз олган туман ҳокими Наргиза Неъматова бу ташаббус ҳар бир маҳалла ва қишлоқда, таълим, соғлиқни сақлаш, бошқа тармоқларда қизғин қўллаб-қувватланиб, айни пайтда оммавий ҳаракатга айланаётганини таъкидлади. Зеро, ниҳол ўстириш, кўчат ўтқазиб парваришлаш табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга қўшилган хайрли ва беминнат ҳиссамиздир. Бу билан иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, иқтисодиётни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Шунингдек, семинарда ҳар бир қадалаётган кўчатнинг униб-ўсиши ва парвариши, агротехник парвариши, сув таъминоти жиҳатлари амалий ўрганилиб, зарур тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу куни туман марказидаги қатор кўп қаватли уйлар атрофига ҳам кўчат ўтқазилиб, улар парваришига масъуллар бириктирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари