“Яшил макон” лойиҳаси старт олди
Ховос туманида ёшлар ва маҳалла аҳолисини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кенг жалб этиш, маҳалла ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ва яшил муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган “Яшил макон” лойиҳаси иш бошлади.

Ушбу лойиҳа доирасида Ховос тумани Ёшлар ишлари бўлими ташаббуси билан Ҳуснобод маҳалласида кенг кўламли кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида 600 дан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуднинг экологик муҳити янада яхшиланди.

Яшил макон шунчаки тадбир эмас. Ушбу лойиҳа нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, балки ёш авлодни табиатга меҳр ва масъулият руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ховос туман Ёшлар ишлари бўлими вазифасини бажарувчи Элдор Баратов. — Энг асосийси, ушбу лойиҳа ёшларнинг экологик фаоллигини ошириш ва маҳаллаларда соғлом, яшил муҳитни таъминлашда муҳим қадам сифатида баҳоланади.

Тадбирда фаол ёшлар ҳамда маҳалла ва жамоат ташкилотлари вакиллари биргаликда иштирок этиб, ҳудудни янада обод ва кўркам қилишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Лойиҳа доирасидаги ишлар тизимли равишда амалга оширилиб, кўча ва хиёбонларда боғлар барпо этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ишлари давом эттирилади. Бу эса табиатнинг софлигини сақлашга ҳамда ҳудудларда тоза ва экологик барқарор муҳит шаклланишига хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири