Қорақалпоғистон Республикаси Қиличбой овулида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги ниҳол экиш мавсумига киришилди.
Овул ҳудудидаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, аҳоли хонадонларида кўкаламзорлаштириш ва тўқсонбости экинларини экиш ишлари жадал давом этмоқда.
Овулда кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, тўқсонбости экинларини экиш ва парваришлашни янада самарали ташкил этишга қаратилган хайрли тадбирда туман ҳокими Собир Хўжаметов, ҳоким ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, фуқаролар йиғини масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йиғилишдан сўнг туман ҳокими ва секторлар раҳбарлари, фуқаролар йиғини масъуллари овул ҳудудидаги 22-сонли мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюриб, муассаса атрофидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиб чиқди. Масъуллар ташкилот ҳовлисида ажратилган майдонда манзарали ва мевали дарахтлар кўчатларини ўтқазиш ишларида иштирок этди.
Ушбу майдонда 100 тупга яқин манзарали дарахт кўчати экилди. Шунингдек, маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчиликка қишлоқ хўжалиги мутахассислари томонидан кўчат экишнинг ўзига хос агротехник қоидалари ҳақида тушунтиришлар берилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти, ундан кўзланаётган мақсадлар батафсил тушунтирилди, экологик маданиятни юксалтириш борасида фикрлар билдирилди.
Овулга ташриф буюрган масъуллар ҳудуддаги аҳоли томорқаларидаги тўқсонбости усулида экилган экинлар парвариши билан ҳам танишиш мақсадида Қўчқор Нуримов хонадонида бўлди. Ҳудуддаги тажрибали деҳқон, намунали томорқачилардан бири бўлган хонадон соҳиби Қўчқор Нуримовнинг томорқаси 16 сотихдан иборат. Томорқанинг 3 сотих майдонида иссиқхона ташкил этилган. Иссиқхонада укроп, кашнич, салат барги каби кўкатлар, редиска, карам ва бошқа сабзавотлар етиштирилиб, оиланинг эҳтиёжи ва бозор таъминланади. Қўчқор Нуримов оила аъзолари билан биргаликда тўқсонбости экинларидан пиёз ва саримсоқпиёз экишни, улардан даромад олишни йўлга қўйган.
Тадбир иштирокчилари ушбу экинлар парвариши бўйича тажрибали деҳқоннинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш, қиш давомида совуқдан асраш, озиқлантириб бориш бўйича тавсия ва маслаҳатлар ҳам олди.
Н.Бозорова, ЎзА мухбири