“Яшил макон” лойиҳаси давом этмоқда
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси доирасида сўнгги ўн икки ой давомида Наманган вилоятида олиб борилган изчил саъй-ҳаракатлар бугунги кунга келиб, ўзининг ёрқин самарасини бераётганлиги қувонарлидир.
Хусусан, “Яшил макон” асосида Наманган муҳандислик-технология институтида кенг кўламдаги ишлар қилиниб, олий ўқув юрти атрофидаги гулзорлар, боғлар ва бир қатор манзиллар кўкламзорлаштирилди, турли навдаги кўчатлар экилмоқда. Бундан роппа роса бир йил аввал ҳам институтда хайрли лойиҳа давомида кўплаб манзарали дарахтлар экилган эди. Бугун институт ҳовлисидаги ушбу дарахтлар гўзал қиёфага кириб, анвойи гуллади. Ўз чиройини кўрсатаётган ушбу дарахтларни кўриб, кайфиятингиз кўтарилиши шубҳасиз. Бу энг аввало, НамМТИда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси чин маънода ўз самарасини кўрсатганлигидан далолат беради.


Дарвоқе, олийгоҳда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган йили лойиҳа доирасида 10 минг 400 туп гул ва дарахт кўчатлари экилган бўлса, жорий йилда қарийб 22 минг турдан ортиқ гул ва дарахт кўчатлари институт атрофига ўтқазилди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА