Жорий йил 11 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил якунигача 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Акция доирасида Қорақалпоғистон Республикаси барча шаҳар ва туманларида кўчат экиш ишлари давом этмоқда.
Қораўзак туманида жорий йил куз мавсумида 240 минг 700 туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган.
Шу муносабат билан туман давлат ўрмон хўжалигида кўргазмали семинар ташкил килинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов, давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси Н.Бакиров, туман ҳокимлиги ва тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.
Унда акция давомида дарахт экиладиган ерларни сифатли тайёрлаш, экилган мевали дарахт кўчатларини парваришлаш ишларини агротехник қоидаларга риоя қилган ҳолда олиб бориш зарур эканлиги айтилли. Мақсад, фақат акцияда иштирок этиш эмас, балки боғ барпо этиш орқали юртимиз ободлигига ҳисса қўшишдир. Тадбир иштирокчилари томонидан бир гектардан зиёд майдонга кўчат экиш ишларини бошлаб юборилди.
Кўргазмали семинар Тахтакўпир ва Чимбой туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА