Бугун эрта тонгдан Ёзёвон аҳолисининг каттадан кичигигача қум барханлари ўртасида ёқут каби нур таратаётган сув омбори атрофига йўл олдилар. Елкасига кетмон кўтарган отахонлар Катта Фарғона канали қазилишидан буён бу ерларда бугунгидек одам гавжум бўлмаганини айтадилар.
Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сув омбори ва унинг атрофини яшил макон ҳамда сайёҳларнинг севимли манзилига айлантирамиз, экотуризмни ривожлантирамиз, деди.

Эзгу ниятлар тилга олиниб, дуога қўл очилди. Шундан сўнг сув омбори атрофида минглаб одамлар, юзлаб техникалар ишга тушди. Улар ер текислашди, ариқ очишди, кўчат ўтказишди. Қудратли бульдозер ва экскаваторлар уларга ёрдамчи эди.
Маълумот учун: сув омбори атрофида 307,1 гектар майдон бўлиб, шундан 166,90 гектари ўзлашмаган. 31,60 гектарини зовурлар ўрни ташкил этади.

Сув омбори атрофи 217 та лотга бўлинди. Лотлар бўйича ерлар тақсимланди. 10 та майдонни вилоят сув хўжалиги бошқармаси, яна 10 тасини вилоят қишлоқ хўжалиги ташкилотлари олишди. Қолган майдонлар очиқ электрон савдога қўйилди ва эгалик бўлди. Ҳар бир лойиҳа ташкилотчисига ўз ери устида қилиниши керак бўлган юмушлар тушунтирилди. Майдонларни лойиҳадагидек замонавий қилиб тайёрлашга масъуллар бириктирилди.
Яшил ҳудудга павлония, калифорния тераги, оқ қайин кўчатлари экилади. Орасида бемалол юриш, дам олиш учун сунъий ҳовуз қилиниб, балиқ ташлаб қўйилади. Йўл четига бетон ариқ қилинади.

– 200 гектардан ортиқ ер майдони ўзлаштирилди. Унга 1 миллиондан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар, 100 минг дона павлоний, 400 минг дона мевали кўчатлар экиш режалаштирилган, – дейди Ёзёвон тумани экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Эргашев.
Сўнгги йилларда сув омбори атрофида ташкил этилган балиқчилик фермер хўжаликлари аҳолига парҳез гўшт етказиб берувчи вилоятнинг йирик таъминотчисига айланган эди. Энди бу ерларда йилига 100 мингдан зиёд сайёҳлар балиқ тутадилар, туяларга миниб қум барханлар кезади ва қурилажак замонавий кемпингларда мириқиб дам олишади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_0AfGvURJ8A" title="Yashil makon ekoturizmga xizmat qiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари