«Яшил макон» — экологик барқарорлик ва фаровон келажак сари муҳим қадам
Бугунги кунда иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, ерларнинг деградацияга учраши ва чўлланиш жараёнларининг кучайиши дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб экологик муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу таҳдидларнинг олдини олиш, аҳоли учун соғлом ва қулай атроф-муҳит яратиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–21-сон фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг 66-мақсадида республикада экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон саломатлиги ва турмуш сифатига салбий таъсир кўрсатувчи экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлашда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Лойиҳа нафақат дарахт ва бута кўчатларини экиш, балки ҳудудларнинг экологик ҳолатини яхшилаш, яшил майдонларни кенгайтириш, чанг ва зарарли чиқиндилар таъсирини камайтириш ҳамда аҳоли учун обод ва кўркам муҳит яратишга қаратилган кенг қамровли умуммиллий ҳаракатдир.
200 миллион туп кўчат экиш — умуммиллий мақсад
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 мартдаги 113-Ф-сон фармойиши қабул қилинди. Унга мувофиқ, жорий йилда ҳудудлар ва соҳалар кесимида кўкаламзорлаштириш тадбирларини сифатли ва тизимли амалга ошириш бўйича аниқ кўрсаткичлар тасдиқланди.
Хусусан, 2026 йил давомида республика бўйича жами 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахтлар, бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилган. Шундан 75 миллион туп кўчатни баҳорги мавсумда, 125 миллион тупини эса кузги мавсумда экиш белгиланган.
Ҳудудларда ташкил этилган штаблар томонидан «yashilmakon.eco» электрон платформасига киритилган маълумотларга кўра, 2026 йил баҳор мавсумида республика бўйича 81,4 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Бу баҳорги мавсум учун белгиланган кўрсаткичнинг 108 фоизга бажарилганини кўрсатади.
Бу рақамлар «Яшил макон» лойиҳаси бугунги кунда кенг жамоатчилик, давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар ва фуқароларни ягона эзгу мақсад атрофида бирлаштираётган умуммиллий ҳаракатга айланганини тасдиқлайди.
Кўчат экиш билан бирга парваришлаш маданияти ҳам шакллантирилмоқда
Кўчат экиш жараёнида сон кўрсаткичлари билан бир қаторда, уларнинг сифати, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мослиги ва кейинги парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўчатларни агротехник талаблар асосида тўғри экиш ва парваришлаш бўйича ҳудудларда 1 минг 344 та амалий семинар ташкил этилди. Шунингдек, кўчат нархларининг барқарорлигини таъминлаш ва аҳолига сифатли кўчатларни қулай нархларда етказиб бериш мақсадида 1 022 та кўчат-савдо ярмаркаси ўтказилди.
Экиш тадбирларини назорат қилиш ишларига 564 нафар масъул ходим жалб қилинди. Улар 526 та планшет ва 96 та тупроқ намлигини ўлчаш қурилмаси билан таъминланди. Бу эса ҳар бир ҳудуддаги кўкаламзорлаштириш ишларини рақамли технологиялар асосида кузатиб бориш, экилган кўчатларнинг ҳолатини таҳлил қилиш ва аниқ маълумотларни шакллантириш имконини бермоқда.
Зеро, дарахт экиш — ишнинг бошланиши, уни сақлаб қолиш ва вояга етказиш эса асосий натижа. Шу боис лойиҳа доирасида экилган ҳар бир кўчатни суғориш, озиқлантириш, шакл бериш ва турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш масалалари доимий назоратга олинган.
Яшил боғлар ва яшил белбоғлар — шаҳарлар учун экологик ҳимоя
Аҳолининг дам олиши ва сайр қилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳудудларда янги яшил майдонлар, боғлар ва жамоат ҳудудларини барпо этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
2026 йил 1 апрель куни Президентимиз Тошкент шаҳрига туташ Тошкент ва Қибрай туманлари ҳудудида барпо этилаётган «Дендрология боғи»га ташриф буюриб, кўчат экиш тадбирида иштирок этди.
Ушбу ташаббус доирасида шу куннинг ўзида республика ҳудудларида 21 мингга яқин юртдошимиз иштирокида 168,5 гектар майдонга 88 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар томонидан 50 тадан ортиқ «яшил боғлар» барпо этилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташаббуси билан Фарғона вилояти Қува туманидаги Каркидон ҳудудига олиб борувчи йўлнинг икки томонида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жами 7,1 километр масофада 7 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилиб, замонавий «яшил белбоғ» ташкил этилди.
Бундай яшил белбоғлар автомобиль йўлларидан кўтариладиган чангни камайтириш, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли моддаларни тутиб қолиш, шамол ва шовқин таъсирини пасайтириш ҳамда ҳудуднинг эстетик қиёфасини яхшилашга хизмат қилади.
Экилган ҳар бир кўчат назоратда
Кўкаламзорлаштириш тадбирларининг самарадорлиги экилган кўчатларнинг сақланувчанлиги ва парвариши билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳудудий штаблар томонидан экилган кўчатлар ҳақида «yashilmakon.eco» электрон платформасига киритилган маълумотлар экологик назорат инспекторлари ва прокуратура органлари иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.
Бундай тизим экилган кўчатлар ҳақидаги маълумотларнинг холислигини таъминлаш, камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва масъул ташкилотларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилмоқда.
«Менинг боғим» — халқ ташаббуси асосидаги яшил лойиҳа
Мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш ишларига аҳолини бевосита жалб қилиш ва жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Менинг боғим» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида фуқаролар «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали ўз ҳудудларида «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш бўйича таклифлар билдириб, энг муносиб ташаббусларга овоз бермоқда.
2024 йилда жамоатчилик ташаббуси билан шакллантирилган 789 та лойиҳа овозга қўйилиб, шундан 212 таси ғолиб деб топилди. Уларни амалга ошириш учун 140,1 гектар ер майдони ажратилиб, 128 та «яшил боғ» ва 84 та «яшил жамоат парки» ташкил этилди.
2025 йилда эса «Очиқ бюджет» ахборот порталига 570 та лойиҳа киритилди. Овоз бериш натижаларига кўра, 156 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 104,9 гектар ер майдони ажратилди. Лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 89 та «яшил боғ» ва 67 та «яшил жамоат парки» барпо этилди.
2026 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 610 та таклиф шакллантирилди.
Мазкур ташаббусларга фуқаролар томонидан жами 152 минг 200 та овоз берилди. Шундан 97 минг 400 та овоз ғолиб деб топилган лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Овоз бериш якунларига мувофиқ, ҳар бир туман ва шаҳардан биттадан — жами 208 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат томонидан 52 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ҳозирги вақтда ғолиб лойиҳалар доирасида «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни барпо этиш бўйича «Яшиллойиҳа» лойиҳалаш институти томонидан тегишли лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Яшил келажак учун умумий масъулият
«Яшил макон» ва «Менинг боғим» лойиҳалари мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини яхшилаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда келажак авлодларга мусаффо ва обод юрт қолдиришга хизмат қилмоқда.
Бироқ, бу эзгу мақсадларга фақат давлат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари билангина эришиб бўлмайди. Экилган кўчатларни асраб-авайлаш, уларни суғориш ва парваришлаш, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг экологик маданияти ва шахсий масъулиятига боғлиқ.
Ҳар бир экилган дарахт — мусаффо ҳаво, соғлом ҳаёт, обод маҳалла ва фаровон келажак демак. Шу маънода «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси оддий кўкаламзорлаштириш тадбири эмас, балки инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли миллий тараққиёт дастури.
Яшилликка қўшилган ҳар бир ҳисса, асраб қолинган ҳар бир ниҳол ва обод этилган ҳар бир ҳудуд — янги Ўзбекистоннинг экологик барқарор келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевор.
Жамшидбек БОБОЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши
миллий қўмитаси «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини
амалга оширишни мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА