Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-табирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, шу йилнинг 2 февраль куни Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги кўчат экиш мавсумида 125 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгилаб берилгани яшил майдонларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари сайлов округларидаги фаолияти мобайнида видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган ҳар бир топшириқ ва вазифалар мазмун-моҳияти туман (шаҳар)лар ҳокимларига ҳамда сектор раҳбарларига тушунтирди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида дарахт кўчатларини экишни самарали ташкил этиш ҳолати, кўчат захираларининг яратилганлиги ҳамда ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос дарахт навларини етиштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларда экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда “мобил эко патруллар” фаолиятини ташкил этиш борасидаги ишлар ўрганилди. Соҳада учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жиззах вилоятидаги ўрганишлар давомида аниқландики, “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида баҳорги кўчат экиш мавсумида вилоят ҳудудига 10 миллион дона манзарали мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экиш юзасидан вилоят ҳокимлигининг дастури тасдиқланган.
Вилоятининг шаҳар ва туман ҳудудларида экилган кўчатлар сони, тури ва жойлашуви ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон тизим ишга туширилган.
Кўчат захираларини яратиш мақсадида Жиззах вилоятидаги ўрмон хўжаликларига қарашли 53,7 гектар майдонда 3 миллион 388 минг дона манзарали ва мевали кўчат захиралари яратилганлиги, фуқаролар ташкил этилган оилавий кўчатчилик хўжаликларида павлония ва мевали дарахтлар кўчатлари етиштириш ишлари йўлга қўйилганлиги аниқланди.
Депутатлар томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Яшил йиллик” умумиллий лойиҳасига тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Ҳудуд иқлими ҳамда сув танқислигини инобатга олиб, мазкур шароитга мос кўчатлар навларини экиш бўйича тавсиялар берилди. Ўрганиш мобайнида аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан масъул раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Фракциянинг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида сайлов округларидаги ўрганишлар якуни муҳокама этилди. Учрашувлар чоғида республика даржасида аниқланган муаммоларни парламент назорати шаклларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш тавсия этилди.
Фракция аъзоларига ҳудудий партия ташкилотлари билан ҳамкорликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туман ва шаҳарларда, маҳалларлардаги кўчат экиш тадбирларида фаол иштирок этиши юзасидан кўрсатмалар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА