Муносабат

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисида долзарб масалалар сирасида ер юзидаги иқлим ўзгаришлари ва унинг мамлакатлар ҳаёти ҳамда ривожига салбий таъсирига батафсил тўхталди.
Давлатимиз раҳбари ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келаётгани, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етаётгани, бунга жавобан мамлакатимизда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланганлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлганлиги, айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланаётганига урғу берди. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз етакчиси бу борадаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи алоҳида эътирофга лойиқ.
Бугун инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Ер аҳолиси кўпайишда давом этмоқда, табиий ресурслар захираси эса муттасил равишда қисқармоқда. Экспертлар вазиятни ўнглаш учун жаҳон иқтисодиётида “яшил тараққиёт” тамойилларини жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда. Шунинг учун мажлисда йил номи билан белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқилиши белгиланди. Ушбу дастурда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги айтилди.
“Яшил иқтисодиёт”нинг муҳим компоненти қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ва фойдаланишдан иборат. Бу жиҳатдан Янги Ўзбекистоннинг салоҳияти анча юқори. Халқаро молиявий институтларнинг ҳисоб-китобига қараганда, республикада муқобил энергия, айниқса, қуёш энергиясининг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёқилғи эквивалентига тенг. “Яшил энергетика” соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш юртимизда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини беради. Бу иқтисодиёт учун жуда катта фойда демакдир.
Албатта, “яшил иқтисодиёт” фақат энергетика соҳасини ислоҳ қилишдан иборат эмас. Унинг ичига тоза ичимлик суви муаммолари, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, барқарор шаҳарлар, чиқиндиларни оқилона бошқариш, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, чўлланишни қисқартириш каби кўп қиррали ва кенг тармоқли чора-тадбирлар киради. “Яшил иқтисодиёт”дан давлат ёки бизнес эмас, балки, энг аввало, оддий одамлар фойда кўради. Унинг ижтимоий аҳамияти ҳам шунда.
Мазкур йўналишдаги амалий ишларга аллақачон киришганимиз ва бу ўзининг кутилган самарасини бераётгани бизга янада куч-ғайрат, шижоат бағишлайди. Университетимизда ўтган йил бошида салкам тўрт гектар ерда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Экобоғ” барпо этилди. Фойдаланишга яроқсиз, тошлоқ ерларни қайта ўзлаштириш асосида бунёд этилган мазкур ноодатий боғ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан эътироф этилди. Шунингдек, водий ва вилоятдаги олий таълим муассасалари томонидан қўллаб-қувватланди.
“Экобоғ” ҳудудига дунёнинг бешта минтақасида ўсадиган 86 ноёб турдаги 986 туп дарахт ва буталар, шунингдек, мингдан ортиқ манзарали гуллар экилган. Ҳар бир ниҳолга рақамлаштириш асосида “QR” код ўрнатилган. Бу ерда 17 та фандан тажриба-синов ва очиқ амалий машғулотларни ташкил этиш имконияти мавжуд. Ўз навбатида, “Экобоғ”дан манзарали ўсимликларни етиштириш ва парваришлашга оид очиқ тажриба участкаси сифатида фойдаланилмоқда.
Яқин вақт ичида эса ўсимликларни биотехнологик усуллар ёрдамида кўпайтиришга ихтисослашган 125 ўринга мўлжалланган олтита ўқув ва илмий-тадқиқот лаборатория хоналари ҳамда ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликлар коллекцияси ҳам ташкил этилади. Қолаверса, Наманган давлат университетида биотехнология ва экология факультетларида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, “яшил иқтисодиёт” – бутун дунё олдидаги талаб. Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтаётганлиги нафақат унинг дунё ҳамжамияти олдидаги нуфузини, балки халқимизнинг саломатлиги, фаровон ва узоқ умр кўришига ҳам замин яратади.
Собитхон Турғунов,
Наманган давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.
ЎзА