«Яшил» энергетика энг мақбул нажот йўлидир
Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида муқобил энергиядан фойдаланиш борасида қатор устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини таъминлаш борасида муҳим қадам бўлди.
– Мазкур қарор билан божхона органларига қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этиш учун асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи ва уларнинг эҳтиёт қисмлари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни қабул қилиш каби муҳим вазифа ва топшириқлар берилди, – дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов. – Иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигига бевосита боғлиқ бўлган ва талаб доимий ошиб борадиган электр энергетикаси барқарорлиги қайта тикланувчи қуёш энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга боғлиқ. Шунинг учун аксарият ривожланган ва ривожланаётган давлатлар бу масалага устувор аҳамият қаратмоқда.
Бугунги кунда қуёш панелларини республикамизга олиб киришда қатор божхона имтиёзлари мавжуд. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2024 йил 1 январга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа материаллар божхона тўловларидан озод этилган.
Ўтган 2022 йил давомида Тошкент шаҳрида импорт қилинган 35,5 млн. АҚШ долларлик қуёш панелларига 2,1 млрд. сўм божхона тўловларига имтиёз қўлланилган бўлса, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида 1,2 млрд. сўмлик имтиёзлар берилган. Албатта, электр энергияси барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, кўрилаётган таъсирчан чоралар мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлиги ҳамда аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.
Зеро, табиий захиралар камайиб, ресурсга талаб кескин ошиб бораётган бир шароитда иқтисодий тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай давлат учун энг мақбул нажот йўли «яшил» энергетикадир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА