“Яшил девор” — бу шунчаки лойиҳа эмас...
Сирдарёда шамол фақат чангни эмас, йиллар давомида тупроқнинг энг унумдор қатламини ҳам учириб кетмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги, экологик барқарорлик ва аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда. Ана шундай шароитда амалга оширилаётган «Яшил девор» лойиҳаси оддий кўчат экиш тадбири эмас, балки шамол эрозиясига қарши табиий ҳимоя қалқонини барпо этиш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва ҳудудларда барқарор экологик муҳитни шакллантиришга қаратилган стратегик ташаббусдир.
Экологик барқарорликни таъминлаш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш бугунги кунда нафақат жаҳон, балки Ўзбекистон учун ҳам устувор вазифалардан бирига айланган. Кейинги йилларда мамлакатимизда бу йўналишда қабул қилинаётган қарорлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламли лойиҳалар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида экологик мувозанатни таъминлаш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда мамлакатда яшил ҳудудлар кўламини кенгайтириш стратегик вазифалар сифатида белгилангани мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом этаётганининг амалий ифодасидир.
Бу вазифаларнинг мантиқий давоми сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 мартдаги қарори билан Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ҳамда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ушбу ҳужжат шамол эрозиясига қарши тизимли ёндашувни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш ва яшил ҳимоя дарахтзорларини барпо этишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Сирдарё вилояти табиий-иқлим шароитига кўра шамол эрозияси хавфи юқори бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Айниқса, очиқ дашт майдонлари ва чегарадош ҳудудларда тез-тез кузатиладиган кучли шамоллар тупроқнинг унумдор қатламини учириб кетиши, чанг бўронларини юзага келтириши ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказиши билан хавфлидир.
Мутахассислар таъкидлашича, шамол эрозияси туфайли ҳар йили тупроқнинг унумдор қатламининг маълум қисми йўқолади. Бу ерларнинг деградациясига, тупроқ намлигининг камайишига, ҳосилдорликнинг пасайишига ва экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келади. Натижада нафақат қишлоқ хўжалиги, балки аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит ҳам салбий таъсирга учрайди.
Ана шу жиҳатлар «Яшил девор» лойиҳасининг аҳамиятини янада оширади. Лойиҳанинг асосий мақсади шамол эрозиясига қарши табиий ҳимоя қалқонини шакллантириш, чанг бўронлари хавфини камайтириш, ерларни муҳофаза қилиш ва ҳудудларда барқарор микроиқлимни таъминлашдан иборат. Энг муҳими, бу ташаббус келажак авлодларга унумдор ер ва мусаффо табиатни мерос қолдиришга хизмат қилади.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида вилоят ҳокимининг 2026 йил 28 январдаги қарорига мувофиқ Сирдарё давлат ўрмон хўжалигига Сирдарё, Оқолтин, Ховос ва Мирзаобод туманлари ҳудудларидан жами 158,7 гектар ер майдони ажратилди. Ушбу ҳудудларда умумий узунлиги 84 километр бўлган шамолга қарши яшил ҳимоя дарахтзорлари барпо этилади.
— Лойиҳа доирасидаги ишлар белгиланган режа асосида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар Мирзаобод туманида 1 минг 740 туп қайрағоч ва 1 минг 740 туп жийда, жами 3 минг 480 туп кўчат экилди. Сирдарё туманида баҳорги мавсумда 1 минг 900 туп тут ва 4 минг 200 туп терак, жами 6 минг 100 туп кўчат ўтқазилди. Оқолтин туманида эса ажратилган майдонларда ерларни экишга тайёрлаш ва агротехник парвариш ишлари режа асосида давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, кузги кўчат экиш мавсумига ҳам пухта тайёргарлик кўрилмоқда, — дейди Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Ойбек Эргашев.
Экологик лойиҳаларнинг самарадорлиги нафақат қанча кўчат экилгани, балки уларнинг қай даражада сақланиб қолиши ва тўлиқ вояга етиши билан ҳам белгиланади. Шу боис бугун асосий эътибор ҳар бир ниҳолни парваришлаш, унинг ўсиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Айниқса, сўнгги йилларда кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво шароитида ёш ниҳолларни мунтазам суғориш, агротехник парвариш қилиш, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоялаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Экилган ҳар бир дарахтнинг ўсиши доимий мониторинг остида. Суғориш, минерал озиқлантириш ва агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилмоқда. Лойиҳада белгиланган барча талабларнинг ижроси қатъий назорат қилинмоқда. Чунки бугунги меҳнат самараси эртага, ҳатто ўн йиллар давомида ўз мевасини беради, — дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов.
Яшил ҳимоя дарахтзорлари нафақат шамол тезлигини пасайтиради. Улар ҳаводаги чанг миқдорини камайтиради, тупроқ намлигини сақлайди, ерларни шамол таъсирида емирилишдан муҳофаза қилади, биохилма-хилликни бойитади ҳамда қушлар ва бошқа тирик организмлар учун табиий яшаш муҳитини яратади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги экинлари учун қулай микроиқлим шаклланиб, ҳосилдорликнинг ошишига замин яратади.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, тўлиқ шаклланган ҳимоя дарахтзорлари шамол тезлигини сезиларли даражада пасайтиради, чанг кўчишини чеклайди ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Бу эса экологик барқарорликни таъминлаш билан бирга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Шу маънода, «Яшил девор» бугуннинг эмас, келажакнинг лойиҳасидир. Бугун ерга қадалган ҳар бир кўчат — эртанги экологик хавфсизлик, унумдор тупроқ, мусаффо ҳаво ва келажак авлод фаровонлиги учун барпо этилаётган яшил қалқондир.
Зеро, табиатни асрашга қаратилган ҳар бир эзгу ташаббус инсон келажагига киритилган энг ишончли сармоядир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири