"Яшаш минимуми" ва "Минимал давлат ижтимоий стандартлари" аҳоли реал даромадлари ошишига хизмат қиладими?
Халқ демократик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма йиғилиши ўтказилди.
Халқ демократик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма йиғилиши ўтказилди. Видеомулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда партиянинг жойлардаги ташкилотлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлардаги 500 нафарга яқин депутат иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ўрганилиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдидаги вазифалар муҳокама этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси, парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Мурожаатномада демократик ислоҳотлар йўли – биз учун якка-ю ягона ва энг тўғри йўл экани, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётганини таъкидлади. Бу ғояни ҳаётга самарали жорий этиш фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, айниқса, сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклайди.
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган Мурожаатномада халқимизга муносиб ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу ташаббуслар белгиланган бўлиб, ушбу вазифалар халқимизнинг турмуш даражасини бутунлай янги поғонага олиб чиқишда мустаҳкам асос бўлади. Уларни рўёбга чиқаришда, ҳаётга самарали жорий этишда партия фаолларидан катта жонбозлик талаб этилади.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, жойлардаги партия гуруҳлари учун Мурожаатнома бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ва барча йўналишлар бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилади. Шу бўйича йиғилишда партия ташкилотлари, парламентдаги фракция ва жойлардаги депутатларга аниқ топшириқлар берилди. Хусусан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш бўйича таклифлар бериш муҳим масала экани айтилди. Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилаётган, 2020 йил учун бандликка кўмаклашишнинг давлат дастурига таклифлар тайёрлаш кераклиги қайд этилди.
Ишсизларни касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш ҳамда халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини ошириш бўйича “Яшаш минимуми” ҳамда “Минимал давлат ижтимоий стандартлари” тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш бўйича ташаббуслар билан чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва бошқа долзарб ижтимоий масалалар юзасидан асосли таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда партия фаоллари, депутатларнинг фикр-мулоҳазалари асосида Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга оширишга доир Халқ демократик партиясининг чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.