Яроқсиз маҳсулотлар сотувдан олиб ташланмоқда
Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда истеъмол бозорларида сифатсиз ва яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни савдодан олиб ташлаш, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятида савдо дўконларида ўтказилган ўрганишлар натижасида айрим турдаги ош тузи, арматура ва ун маҳсулотларининг стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланиб, улар савдодан четлаштирилди.
Фарғона вилоятида эса Янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган ярмаркада озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва яроқлилик муддатлари ўрганилиб, белгиланмаган маҳсулотлар савдодан олиб ташланди ҳамда сотувчиларга қонунчилик талаблари тушунтирилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ишлаб чиқариш санаси кўрсатилмаган айрим колбаса маҳсулотлари аниқланиб, уларни савдодан четлаштириш чоралари кўрилди.
Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка кўра, ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки муддати ўтган маҳсулотларни сотиш тақиқланади. Назорат тадбирлари аҳолига сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар етказиб бериш мақсадида мунтазам давом эттирилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА