Ярим йил якунлари муҳокамаси
Бухорода жорий йил биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Бухорода жорий йил биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов бошқарган йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот 8 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,9, чакана савдо айланмаси 13,2, пуллик хизматлар кўрсатиш 12,5, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 8,1 фоиз ўсгани таъкидланди.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурлари доирасида бир юз ўнта лойиҳа амалга оширилди. Янги корхоналар ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтиришга қаратилган мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижада бир минг икки юз етмиш олтита янги иш ўрни яратилди.
Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган саккиз лойиҳанинг амалга оширилиши 58,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 157,9 минг АҚШ доллари миқдоридаги товарни экспорт қилиш имконини берди.
Ҳисобот даврида 40 минг янги иш ўрни очилди.
Йиғилишда касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, банк-молия тизими, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, электр энергияси ва табиий газ бўйича қарздорлик, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, коммунал ва йўл тармоқлари, инфратузилма объектларининг қурилиши каби устувор вазифа ва масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.
Мавжуд камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.