Ярим автомат кир ювиш машиналари корхонаси
Андижон вилояти Олтинкўл тумани Уйғур маҳалласида “Водий олтин куз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли янги корхона иш бошлади.
Корхона очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбир иштирокчиларини мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик байрами билан муборакбод этиб, кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, янги янги лойиҳаларни ишга тушириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Умумий қиймати 3 миллиард 161 миллион сўмга тенг лойиҳа доирасида қарийб 1 гектар ҳудудда ташкил этилган янги корхонада замонавий турдаги ярим автомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилади.
– Корхонамизда йилига 20 минг дона ярим автомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона раҳбари Отабек Усмонов. – Маҳсулотларимиз сифат жиҳатдан белгиланган барча талабларга тўла жавоб беради. Ишонаманки, қисқа муддат ичида маҳсулотимиз ички бозордаги харидоргир маҳсулотлар қаторидан ўрин олади.
Хитой давлатидан келтирилган энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турдош маҳсулотлар импорт хажмини камайтириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маиший техника воситалари билан тўлдириш имконини беради.
Корхонанинг ишга тушиши билан 50 та янги иш ўрни яратилди.
[gallery-3716]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА