Ярашув институтини қўллаш доираси кенгаяди
Миллий қонунчиликка ярашув институти киритилганига ҳам йигирма йилга яқинлашди.
Муносабат
Миллий қонунчиликка ярашув институти киритилганига ҳам йигирма йилга яқинлашди. Ўтган йиллар мобайнида мазкур институт фуқаролар манфаатларига хизмат қилиб келмоқда. Шу билан бирга, унинг самарали жиҳатлари инобатга олиниб, таъсир доираси кенгайтирилмоқда.
2001 йил 29 августдаги “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан Жиноят кодекси 66-1-модда билан тўлдирилиб, ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институти жорий этилди.
Ярашувни биринчи марта жиноят содир қилган шахсларга қўллаш мумкин эди. 2004 йилда эса ярашув институти ривожлантирилиб, “биринчи марта”, деган сўзлар қонундан чиқариб ташланди. Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишни қўллаш мумкин бўлган жиноятларнинг доираси янада кенгайтирилди.
Ярашув институти шартига кўра, жиноят содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бунда, энг муҳими, айбдор билан жабрланувчининг ярашганлигидир. Ярашиш тўғрисидаги ташаббус айбдор ёки жабрланувчи томонидан бўлганининг аҳамияти йўқ.
Шунингдек, қонунда ярашувни қўллашни истисно этувчи қоида ҳам мавжуд бўлиб, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди.
Ярашув институти жорий қилинганидан ҳозирги кунга қадар ярашганлик муносабати билан жавобгарликдан озод қилишни қўллаш мумкин бўлган жиноятлар доираси кенгайиб борди, институтнинг моҳияти эса ўзгармай келди.
Яъни шахснинг ҳаракатлари суриштирув ёки тергов органи томонидан Жиноят кодекси 66-1-моддасида назарда тутилган моддалар билан квалификация қилингандагина шахс биринчи инстанция судининг ажримига асосан ярашганлик муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Амалдаги қонунчиликка кўра, шахснинг ҳаракатлари тергов органи ёки биринчи босқич суди томонидан нотўғри квалификация қилиниб, бу хато биринчи босқич ёхуд юқори инстанция суди томонидан тўғриланиши оқибатида шахснинг ҳаракатлари ярашувни қўллаш мумкин бўлган моддалар доирасига тушадиган бўлса, шунингдек, юқори инстанцияда тарафлар ярашувга рози бўлса, ярашув институтини қўллаб, шахсни жавобгарликдан озод қилиш имкони мавжуд эмас. Қонундаги бу бўшлиқ ўз-ўзидан шахснинг ярашувга бўлган ҳуқуқи чекланишига сабаб бўлмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ярашув институтини такомиллаштириш, қонунчилик ва амалиётдаги муаммолар ўз ечимини топишига хизмат қиладиган концептуал йўналишлар белгилаб берилди.
Фармонда шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш белгиланди.
Бу судларга исталган инстанцияда шахсни ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш имконини бериши билан бирга, фуқароларнинг судланганлик тамғасидан халос бўлишига имкон беради.
Шунингдек, фармонга мувофиқ, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик қилиб жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмаслиги ҳам назарда тутилди.
Демак, эндиликда вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар, шунингдек, эҳтиётсизлик туфайли жиноят содир этган шахсларнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам ярашувга бўлган ҳуқуқи таъминланади.
Ярашув институтини такомиллаштириш борасидаги бундай муҳим ўзгариш инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойиллари кучайганидан далолатдир.
Элбек ТУРҒУНБОЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди судьяси.