Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида қўлланилаётган “Ярашув институти” ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Унинг афзал жиҳатларидан биринчиси бу амалиётда жабрланувчига етказилган зарарнинг қисқа вақтда ва тўлиқ тарзда қопланиши таъминланади, қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади. Бундан ташқари, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун судланмаган ҳисобланиб, уни кечириш орқали тарбиявий таъсир кўрсатилади.
– Судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир, – дейди жиноят ишлари бўйича Томди тумани суди раиси Дилобар Эргашева. – Халқимизнинг тарихий анъаналарига мос тушадиган ярашув институти эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилмоқда. Жиноят қонунчилигида ярашув институти самарали қўлланилиб келинаётгани жамиятимизда инсонпарварлик тамойилини кучайтиришга, тарафларнинг манфаатларига ва келгусида жиноятчиликнинг олдини олишга ижобий таъсир кўрсатгани натижасида ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга
“Ярашув институти” жорий этилиб, ярашув институти маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларига ҳам татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида” ги қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимча ва ўзгартишларга кўра, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод этиб ишни тугатиши мумкин бўлишини белгиловчи норма сифатида 212-модда киритилди.
– Бу янгиликнинг қонунчиликка киритилиши амалда яқин қариндошлар, қўни-қўшни, таниш-билишлар ўртасида ўзаро келишмовчилик рўй берганда уларнинг ўзаро ярашганлиги ҳолатида ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши, жазо чораси қўлланишининг олдини олди ва бу яқин инсонлар ўртасида адоват давом этишига, уларнинг орасига совуқчилик тушишига барҳам беради, – дейди Д.Эргашева. – Ярашув институтининг асосий шарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиши, жабрланувчи билан ярашиб, етказилган зарарни бартараф қилишида, яъни жабрланувчи ва ҳуқуқбузарнинг ўзаро ярашганлигидадир. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ярашганлиги муносабати билан тугатилган ишларда ҳуқуқбузар маъмурий жавобгарликка тортилмаган ҳисобланади ва бу ўз ўрнида “ҳақорат қилиш” ва “туҳмат қилиш” каби маъмурий преюдикция талаб қиладиган жиноятларнинг камайишига ҳам хизмат қилади.
Шуни унутмаслик керакки, ярашувга тушувчи шахс ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этса ярашганлик муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этилмайди.
Абдували Бўриев, ЎзА