Яқин келажакда Эрдоған ва Асад учрашуви режаланмаган
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Сурия етакчиси Башар Асад билан музокара ўтказиши ҳозирча режаланмаган. Бу ҳақда Туркия раҳбари расмий вакили Иброҳим Калин “A Haber” телеканали эфирида маълум қилди.
– Ҳозирча учрашув санаси маълум эмас, яқин келажакда бундай музокара режалаштирилмаган, – деди у. – Гап шундаки, аввало, учрашувга асос яратиш керак. Биз қандай қадам қўйишни кўриб чиқишимиз керак. Дастлаб Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари, Разведка бошқармаси биргаликда давлат раҳбарлари мулоқоти учун замин тайёрлаши керак.
Калин Туркия ва Сурия “ҳал этиши керак бўлган уч муҳим масала бор”лигини қўшимча қилди. Бу “терроризмга қарши кураш, қочқинларни ватанига қайтариш, Дамашқ режими ва мухолифат ўртасидаги музокарани сиёсий жараён орқали давом эттириш”дир.
Президент вакили Сурия масаласи аввал ҳам турли халқаро платформаларда турли йўсинда ҳал қилиниши бўйича ҳаракат қилинганини эслатди:
“Остона жараёни доирасида ҳам иш олиб борилди. Биз шу тарзда ишлашни давом эттирамиз, янги форматларни ҳам яратишимиз зарур.
Сурия муаммоси, Анқара ва Дамашқ муносабати бўйича сўнгги бор 10 май куни Москвада Россия, Эрон, Сурия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокара ўтказилган эди.