Япониялик профессорлар Қоракўлда
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокимлигида халқаро педагог-консултантлар Маяко Эмори ва Ҳисао Шимомачи тантанали кутиб олинди.
Туман ҳокими Хуршид Тоҳиров ва япониялик экспертлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда келгусидаги режа ва дастурлар, япон тажрибаси ва Қоракўл ёшларининг аниқ фанларга бўлган истеъдоди уйғунлиги бўйича амалга ошириладиган янги лойиҳалар муҳокама этилди. Туман таълим тизими ривожига, айниқса, унинг дунё стандартлари даражасига чиқишига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Булар нималардан иборат ва уларни бартараф этиш йўллари қандай.? Шу хусусида музокаралар олиб борилди.
– Биз учун Янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак мақсад учун курашилаётган ҳозирги жараёнда мақтовдан кўра, камчиликларни танқид қилиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифларни эшитиш минг баробар муҳим ва фойдалидир, – дейди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров.
Бир ой давомида япон ва қоракўллик мутахассисларнинг таклифларини диққат билан ўрганиб, холис хулосаларга келган ҳолда амалиётга жорий қилиш лозимлиги айтиб ўтилди. Жорий йилнинг 28 октябрдан 25 ноябргача халқаро педагог-консултант Маяко Эмори ва Ҳисао Шимомачилар Қоракўл туманида бўлиб, тумандаги умумтаълим мактабларида ўқитувчилар фаолияти ва ўқувчиларнинг дарс жараёнига иштирокини кузатишади. Туман зиёлилари ва япон педагоглари ўртасида дарс ўтиш методикаси бўйича тажрибалар алмашилади. Туман ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигида япон ва ўзбек педагогларидан иборат туман таълим кенгашига асос солинади.
Маълумот учун, Маяко Эмори Японияда чоп этиладиган “Карьера” журнали муҳаррири ва дунёга машҳур “Recruit” компаниясида Педагогика бўйича фаолият олиб борган. Ҳозирда хорижий мамлакатларда таълим ва педагогикани ривожлантириш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатади.
Ҳисао Шимомачи эса узоқ йиллар мактабда математика ўқитувчиси, мактаб директори бўлиб ишлаган. Математика фанини қизиқарли, ҳаётий қилиб ўргатиш бўйича янги методларга бағишланган китоблар муаллифи. Ҳозирги кунда ҳам мактабда математика фанидан сабоқ беради. Таълим бўйича консалтинг хизматларини кўрсатади.
Зариф Комилов, ЎзА