Япониялик олимлар кўҳна Бухорода
Япониянинг Ямагата университети профессори Тадаши Онодера, университет тадқиқот маркази кординатори Юичи Саито ҳамда техник директор Шинжи Оматалар бошчилигидаги делегация аъзоларини Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қабул қилди.
Вилоят раҳбари меҳмонларни Бухорога ташрифи билан қутлаб, кўҳна ва боқий Бухоронинг қадимий ва бой тарихи, маданий қадриятлари, шунингдек, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари тўғрисида атрофлича маълумот берди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилгани, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган шарт-шароитлар, иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, IT соҳасидаги ютуқларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди.

Ўз навбатида Ямагата университети профессори Тадаши Онодера дўстона қабул учун ўз миннатдорлигини билдирди. Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, таълим ва илм-фанни ривожлантиришда инновацияларни кенг жорий қилиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди. Унинг таъкидлашича, аҳолисининг аксариятини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ушбу анжуман академик алмашинув, университетлараро алоқаларни кенгайтиришда янги имкониятлар эшигини очади.
Мулоқотда академик ва илмий ҳамкорлик, талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш йўлидаги ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, Япониянинг етакчи инновацион марказлари, технопарклари, университетлари билан алоқаларни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Япониялик меҳмонлар Бухоро туманида ҳам бўлди. Дастлаб меҳмонлар Сўфикоргар маҳалласида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигидаги ташкил этилган “Bukhara-Varnet” масъулияти чекланган жамиятига борди.
Бу ерда гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириляпти. Биргина ўтган йилнинг ўзида корхона томонидан қарийб икки миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижга экспорт қилинди. 2018 йилда ўз фаолиятини бошлаган ва бугунги кунга келиб 40 гектар майдонда иссиқхона барпо этган “Bukhara-Varnet" даги инновацион ёндашувлар эътиборни тортмай қолмайди. Аввал бу ерда фақат иссиқхона бўлган бўлса, эндиликда унинг ёнида ўқув маркази, лаборатория ҳамда иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилмоқда.

Шундан сўнг Япония делегацияcи вакиллари “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғинини бориб кўрди.
Меҳмонларга маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳудудлар муаммоларини ҳал этишда “маҳалла бешлиги”нинг ўрни, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори фаолиятини биргаликда ташкил этишдан кўзланган ижобий натижалар “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида тушунтириб берилди. Президентимиз ташаббуси билан эндиликда маҳалла бошқаруви янги ёндашувлар асосида ташкил қилиниши, амалдаги “бешлик”ка солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” ташкил этилиши ҳамда унинг афзалликлари тўғрисида маълумотлар берилди.


Ташриф давомида меҳмонлар маҳаллада ташкил этилган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида “Маҳаллада дув-дув гап!” маънавий-маърифий ва маданий - мусиқий тадбирида қатнашди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири