Японияда робот-бўри яратилди
Кўзлари қизил диод чироқли, қўрқинчли овоз чиқарадиган динамик билан жиҳозланган 200 га яқин механизациялаштирилган робот-бўри Япониянинг барча туманларига ўрнатилди. Бундан кўзланган мақсад ёввойи ҳайвонларнинг хусусий мулкка, одамлар томорқасига бостириб киришини чеклаш, дейилади “ABC News” телеканали билан суҳбатда “Ohta Seiki” компанияси ихтирочиси Ота Южи.
“Ҳозирча ҳеч ким қурилма самарасига шубҳа билдирмади... мамлакат ҳудуди бўйлаб 180 га яқин “қўрқинчли бўри жойлаштиридик”, - деди ихтирочи телеканал мухбирига.
Ота Южи таъкидлашича, кун чиқар юрт ёввойи табиати вакиллари, одатда, бўридан қўрқади, шундай инстинкт мавжуд. Шу боис робот-бўрилар овоз репертуарида увиллаш, вовиллаш ва ўқ овози бор.
Телеканал маълум қилишича, бундай роботлар пайдо бўлиши япон жамоатчилигининг енгил танқидига, ҳатто кулгисига сабаб бўлган. Шунга қарамай, кашфиёт ҳайвонларни қўрқитиш учун етарли даражада ишончли чиққан.
“NHK” телеканали ахборотга қараганда, Японияда айиқларнинг одамга ҳужуми рекорд даражада кўп учраркан. Масалан, апрель ойидан бошлаб, 173 марта айиқнинг инсонга таҳдиди кузатилган. 18 музофотда маймоқ жониворлар аҳоли манзилларига ҳам кириб келмоқда. Иватэ префектурасида овчи ва санитар хизмати ходимлари омборга кириб олган айиқни қувиб чиқара олмаган.
Аввалроқ мамлакатнинг бошқа ҳудудида ёввойи айиқ касалхона биносига кириб олгани, натижада тезкор қутқарув гуруҳини чақиришга тўғри келгани маълум қилинганди. Ҳатто, айиқлар кишилар уйи яқинида ҳам пайдо бўлаётгани қайд этиляпти.