Японияда кучли қор: қурбонлар бор
Японияда кучли қор ёғиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони саккиз нафарга, жароҳатланганлар сони эса 45 нафарга етди, деб хабар берди NHK.
Аввалроқ тўрт киши ҳалок бўлгани ва 23 киши яралангани ҳақида хабар берилган эди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, шу ҳафта бошида Япония шимоли ва ғарбида кучли қор ёғди. Электр, уяли алоқаларда, темир йўллари қатновларида узилишлар кузатилмоқда. Ёғингарчилик натижасида йўлларда 20-30 километр узунликдаги тирбандликлар ҳосил бўлиб, уларни бартараф этишга деярли уч кун вақт кетди.
Метеорологларнинг прогнозларига кўра, 23 декабрдан бошлаб шимолий ва ғарбий ҳудудларда кучли қор ёғмоқда. 24 соат ичида айрим ҳудудларда 30 дан 90 сантиметргача қор ёғиши мумкин. Жума куни эрталаб циклон таъсирида жанубда жойлашган Киото ва Осака шаҳарлари ҳудудида ҳам енгил қор ёғди.
Кучли қор ёғиши кузатилаётган ҳудудларда аҳолини заруратсиз уйларини тарк этмаслик, сув ва озиқ-овқат билан олдиндан таъминлашга чақирилмоқда.
Миллий автомагистралларда тирбандликни олдини олиш мақсадида Транспорт вазирлигининг Хокурику бўлими бир қатор йўлларнинг ҳаракатланиш учун ёпилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
ЎзА