Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Япон тили ва касбий малака тест маркази, Япониянинг “Nippon Educational Academy” институти ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар, Япония давлатида хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Сўнгги йилларда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини янги босқичга кўтариш, фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш, бунинг учун уларга зарур бўлган касб ва чет тилларини ўргатиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Кейинги тўрт йилда хорижий иш берувчилар билан олиб борилган музокаралар, истиқболли ҳамкорликка қаратилган келишувлар натижасида ташқи меҳнат бозорида асосан умумқурилиш соҳаси усталари, ишлаб чиқариш, техник касблар, қишлоқ хўжалиги, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича кичик мутахассисларга талаб юқорилиги аниқланди. Шу асосда, меҳнат мигрантларини меҳнат фаолияти географиясидан келиб чиқиб, 20 дан ортиқ касбга, рус, инглиз, корейс ва япон тилларига ўқитиш бўйича қисқа курслар йўлга қўйилди.
Халқаро тажриба ва амалиётларни ўрганиш натижасида кузатилган асосий жиҳатлардан бири шуки, меҳнат миграциясида иштирок этувчи фуқаронинг касбий малакаси ва чет тилини билиш даражаси юқори бўлиши уни кафолатланган, илғор техника ва технологияга асосланган ҳамда юқори иш ҳақига эга бўлган иш ўринларида меҳнат фаолиятини амалга оширишида муҳим омил ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 15 та “Ишга марҳамат” мономарказлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида 30 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва 136 та маҳалладаги касб-ҳунар масканлари, 252 та турли вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат таълим муассасалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда фуқаролар чет тиллари ва турли касб-ҳунарларга ўргатилмоқда.
2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида 2021 йилда Япония иш берувчилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Япон тили ва касбий малака” тест марказини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Мазкур марказ бугунги кунда Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча ҳудудий “Ишга марҳамат” мономарказлари қошида ташкил этилди.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Япониянинг ваколатли вазирлик ва идоралари ўртасида 2019 йил 17 декабрда “Махсус малака ишчилари” мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурслари тизимининг тегишли равишда амалга оширилиши тўғрисида имзоланган ҳукуматлараро ҳамкорлик келишуви доирасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор Япониянинг “Nippon Educational Academy” институтининг япон тили ва касбий малака ўқитиш тизими жорий қилинди. Мазкур тизим доирасида 29 нафар ўзбек ва япон мутахассислари қарийб 400 нафар фуқаронинг Япония стандарти асосида турли соҳаларда касбий малакаларини оширмоқда.
Касбий малакаларини ошираётган фуқароларни келажакда Япония компанияларида билим ва кўникмаларини оширишларини таъминлаш учун Япон тили ва касбий малака тест маркази ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда қатор япон компаниялари билан шартномалар имзоланди.
Бутун дунёда юзага келган пандемия шароити туфайли Япониядаги мавжуд карантин вазияти юмшаши билан таълим олаётган фуқаролар белгиланган тест синовларини топширган ҳолда Японияга йўналтирилади. Натижада бу каби ишлар икки мамлакат ўртасидаги меҳнат муносабатларини янада ривожлантириш билан бир қаторда, Япония меҳнат бозорида Ўзбекистон сегментини яратиш ва унинг рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади.