Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида "Япония маданият кунлари" ҳамда “Япон кимоноси” кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бадиий академия, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи, "Ўзбекистон-Япония" маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда япон маданиятига оид маҳсулотлар ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройининг коллекциясида 60 га яқин эркак ва аёллар кимонолари сақланиб келинади.

Япон халқининг миллий либоси бўлган кимоно Японияда жуда қадрланади. “Кимоно” ва “оби” қадимда жуда қиммат шойи, креп – шойи, сатин матоларидан тикилган. Замонавий кимоно эса нисбатан арзон ва тежамли бўлган креп-сатин, пахта, полиэстер ва бошқа синтетик газламалардан тайёрланади.

Кимоно гуллари жуда ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Хусусан, пионгуллар – бойлик ва ёруғлик рамзи бўлса, тўй либослари эса келин чиройига чирой қўшади.

Шунингдек, тадбир доирасида турли хил маҳорат дарслари, намойиш ва тақдимотлар бўлиб ўтди. Анъанавий япон ўйинлари ўйналди.

Кўргазмалар жорий йилнинг 10 августигача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА