
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхоналар томонидан январь ойида 1,3 миллиард киловатт соат электр энергияси ва 1,5 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, тармоққа узатилди.

Энергия ишлаб чиқаришда тежамкорликка ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 5,29 миллион метр куб табиий газни иқтисод қилиш мўлжалланган бўлса, амалда 5,30 миллион метр куб табиий газ тежалди, яъни режа 100,2 фоизга бажарилди.
Электр энергияси тежамкорлиги бўйича ҳам 10,8 миллион киловатт соат ўрнига, 10,94 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилиниб, режа 100,9 фоизга бажарилди.
Бу ҳақда бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи Феруза Турғунова маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 8 та лойиҳа бўйича 6,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич 6,8 миллиард сўм ёки 108,1 фоизга бажарилган. Шунингдек, кооперация алоқалари доирасида 1,5 миллиард сўмлик харидлар кўзда тутилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 1,7 миллиард сўм ёки 116,2 фоизга етган.
Импортни қисқартириш масаласида ҳам юқори натижалар қайд этилган. 583 минг АҚШ доллари иқтисод қилиш мақсад қилинган бўлса, бу кўрсаткич 657 минг АҚШ долларига етказилди ёки режа 112,6 фоизга бажарилди. 2025 йилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 17 та инвестиция лойиҳалари доирасида 701,93 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Жорий йилнинг январь ойи учун 35,2 миллион АҚШ доллари ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич 42 миллион АҚШ долларига етди ва ижро 119,3 фоизга уддаланди.
Айни пайтда Сергели ва Юнусобод туманларида когенерация лойиҳалари доирасида янги газ-поршенли қурилмалар қурилмоқда. Шунингдек, "Талимаржон" ва "Навоий" ИЭСларда умумий қуввати 1715 МВт бўлган замонавий буғ-газ қурилмаларини барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.
–“Fitch Rating” халқаро рейтинг агентлиги 20 январь куни “Иссиқлик электр станциялари” АЖга “BB-” “Барқарор” халқаро кредит рейтингини берди. Бу корхонанинг молиявий мажбуриятларини самарали бажараётгани ва кредит сиёсати жозибадор эканини англатади. Шунингдек, маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2025 йилнинг январь ойи якунида 156,2 миллиард сўм иқтисод қилиш кўзда тутилган бўлса, амалда бу кўрсаткич 163 миллиард сўмга етди ва режа 104,4 фоизга бажарилди, –деди Ф.Турғунова.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА