Тошкент вилояти делегацияси хориж давлатларига хизмат сафари давомида ўзаро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари ўрнатмоқда. Хусусан, ҳудуд ишбилармон вакиллари томонидан Хитой Халқ Республикасига ташрифида қиймати 6,2 миллиард долларлик жами 91 та инвестиция келишувларга эришилган эди.
Жумладан, Янгийўл туманида ташкил этилиши режалаштирилган корхона мазкур саъй-ҳаракатларнинг мевасидир. Хусусан, Хитойнинг “ECOMOTO” хорижий компанияси томонидан электр-скутер ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Туман ҳокими О.Атауллаев инвесторлар билан учрашиб, янги ташаббус юзасидан меморандум имзолади. Унга кўра, тўғридан-тўғри 10,0 миллион доллар хорижий инвестиция киритилади. Натижада 2025 йилнинг 2-чорагидан бошлаб Янгийўл туманида ташкил этиладиган корхонада замонавий ва рақобатбардош электр-скутерлар ишлаб чиқарилиши бошланади. Ўз навбатида 50 та доимий иш ўрни яратилади.


Мутахассислар таъкидлашича, бу йил июль ойи ҳолатига ҳудудда умумий қиймати 1,0 миллион долларлик 12 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди ва 197 нафардан ортиқ ишсизлар бандлиги таъминланди. Йил якунигача режадаги 33 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали мингга яқин иш ўринлари яратилади ва ҳудуднинг инвестиция салоҳияти ортади.
А.Мусаев,ЎзА.