Янгиободлик қизларнинг зафарли одимлари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабининг спорт майдончасида дарсдан ташқари вақтларда ёшлар учун мунтазам машғулотлар ўтказилмоқда. Спорт устаси, фахрий боксчи Ғулом Сувонқулов раҳбарлигидаги машғулотларда ёшлар спорт маҳоратини оширмоқда.
— Мақсадимиз — ёшларни спортга жалб этиш билан бирга, уларда ватанпарварлик ва ғалабага ишонч туйғусини шакллантириш, - дейди Ғулом Сувонқулов. — Шогирдларимиз орасида Тошкент шаҳрида кичик ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати ғолиби Малика Улуғбекова ҳамда Қозоғистондаги халқаро турнирда олтин медаль қўлга киритган Шаҳризода Алибоеванинг борлиги бошқа ёшларга ҳам ибрат бўлмоқда.
[gallery-31252]
Янгиободда ёшларни спортга жалб этиш борасидаги тизимли ишлар самара бермоқда. Тумандаги 7 минг 900 нафар ёшнинг 890 нафари спорт секцияларига мунтазам қатнашмоқда. Уларнинг 304 нафари қизлардир.
Мунтазам машғулотлар натижасида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида туман вакиллари 19 та спорт тури бўйича 21 та медални қўлга киритди. 4 нафар спортчи мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини олди.
Туманда спорт билан шуғулланиш тобора оммавий тус олмоқда. Айни пайтда 14 минг нафар аҳоли жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзи тадбирларига жалб этилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА