Публицистика
Юртни яёв кезсангиз ҳам, от ёки уловда айлансангиз ҳам равон йўл жонингизга оро киради. Нотекис, ўнқир-чўнқир бўлса, йўлингиз унмайди. Пою-пиёда, отда ё автомобилда бўлинг, азият чекиб, дилингиз ранжийди.
Сурхон тарафда узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қиладиган автомобиль йўллари воҳанинг оғриқли нуқтаси бўлиб қолган эди. Маҳаллий аҳоли меҳмонлардан “Сурхондарё чегарасига киришимиз билан йўл азоби қийнади”, “Э, бу йўлларингизда юриб бўлмас экан-у?”, “Сурхоннинг йўлини бунақа тасаввур қилмаганман”, каби илмоқли ва айни пайтда дангали гапларни кўп эшитган. Бу фикрлардан андак хижолат чекса-да, лўнда қилиб, “шунисига ҳам шукр” дея жавоб берган.
Адашмаётган бўлсам мамлакатимизда “Ласетти” енгил машинаси энди ишлаб чиқарилган йиллар эди. Пойтахтдан хизмат сафари билан келган ҳамкасбларимни кечки пайт Қаршига кузатишга тўғри келди. Маслаҳатлашиб, меҳмонларни янги “Ласетти”да элтиб қўядиган бўлдик. Қош қорайганда йўлга чиқишди. Эртаси куни улардан бирига қўнғироқ қилиб, қандай етиб олишгани билан қизиқдим.
– Халқимизда олис йўл отни, оғир йўл сабру қаноатни синайди, деган мақол бор, – деди ҳамкасбим бирпас суҳбатлашганимиздан сўнг. – Ҳар тугул шофёр тажрибали экан. Қоронғида ҳам йўлдаги чуқурликларни териб ҳайдади. Лекин, уларнинг иккитасини айланиб ўтса, биттасига тушмасликнинг ҳам иложи йўқ эди. Йўлларингиз янги “Ласетти”ни ҳам, бизни ҳам синовдан ўтказди. Токи, бу йўллар соз бўлмаса, енгил машинада Сурхондарёга боришга юрагим дов бермаса керак.
Сурхондарёликлар азалдан борига шукр, йўғига қаноат қилиб яшайди. Атрофда бирорта бунёдкорлик иши бошланса, ҳаётини ўзгартирадиган янгилик бўлса, қувонади. Шукримизнинг тагида, қаноатимиз қўйнида барака бор экан, дея суюнади. Ана шу янгиланишдан фахр ҳиссини туйиб юради.
Бугун улкан қурилиш майдонига айланган халқаро автомобиль йўллари ва ички йўллар тубдан реконструкция қилиниб, таъмирланаётгани, сой-жилғаларда кўприклар бунёд этилиб, текис, кенг йўллар қурилаётгани воҳа аҳлига бир олам қувонч улашмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил март ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида одамлардан Денов-Бойсун йўналишида тушаётган эътирозларини инобатга олиб, ўзи енгил автомобиль ҳайдагани ва йўллар сифатидан қониқиш ҳосил қилмай, вилоят раҳбарига сифатли, текис йўл барпо этиш топшириғини бергани ҳам ёшу кексанинг фахр-ифтихор ҳиссини юксалтирган эди. Ана шу топшириқ ижроси доирасида кенг қамровли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, воҳада 16 минг 171 километр автомобиль йўли мавжуд. Унинг 2 минг 843 километри умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари, 13 минг 327 километри маҳаллий ҳокимликлар балансидаги ички автомобиль йўлларидир.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш учун мамлакат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 579,1 миллиард сўм эвазига 733,2 километр автомобиль йўли қурилди. Реконструкция қилиниб, таъмирланди. Жумладан, 359,4 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўлини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш учун 313,7 миллиард сўмлик иш бажарилди. Инвестиция дастури доирасида 6,4 километр йўлга 78,5 миллиард сўм, тўла таъмирлаш дастурига асосан 12 километр йўлга 26,8 миллиард сўм, жорий таъмирлаш, сақлаш, кўкаламзорлаштириш ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 310,1 километр йўлга 208,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Маҳаллий ҳокимликлар балансидаги 423,1 километр узунликдаги ички автомобиль йўлини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш учун 265,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Вилоятнинг 8 та туманидан ўтувчи 4Р100 “Мангузар қ.-Жарқўрғон ш.-Бандихон қ.-Олтинсой қ.-Денов ш.” автомобиль йўли воҳанинг энг асосий транспорт коридори саналади. Таъмирталаб, муддатини ўтаб бўлган мазкур йўлнинг 11 – 126-километр қисми ҳамда Музработ туманининг Тонг юлдузи маҳалласидан ўтувчи 4Р110 “Шеробод ш.-Пошхурт қ.-Оқтош қ-Музработ қ” автомобиль йўлининг 72 – 82-километрлар 4К626 “Шеробод ш.-Болдир қ.” автомобиль йўлининг 21 – 29-километрлари ҳам республика бюджети маблағи ҳисобидан замонавий қиёфада таъмирланиб, йўловчилар учун барча қулайлик яратилмоқда. Термиз шаҳридаги А.Навоий, Ат-Термизий, Исо Термизий номли ва “Янги Ўзбекистон” кўчалари, Денов шаҳридаги Ш.Рашидов номли ва “Бойсун” кўчалари тубдан реконструкция қилинаётир.
[gallery-20684]
Бундай улкан ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг учун катта маблағ сарфланиб, йўлсозларнинг машаққатли меҳнати эвазига кенг, равон йўллар қурилмоқда. Одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига муносиб, замонавий йўл инфратузилмаси шаклланмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 4 апрелда “Осиё тараққиёт банки иштирокида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини қабул қилган эди. Айни пайтда мазкур ҳужжатга мувофиқ жанубдаги воҳанинг “4Р105 Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 5 - 70 километр қисми ва “4Р100 Мангузар-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобиль йўлининг 128 - 174 километр қисми реконструкция қилинмоқда. Йирик лойиҳа учун ўтказилган тендер савдоларида қардош Озарбайжоннинг “Lankaran Yol Tikinti” акциядорлик жамияти ғолиб бўлди. Узунлиги 111 километр йўлнинг қарийб 108 километри цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилинаётир.
Бойсун туманидаги Дарбанд қишлоғидан бошланувчи “Дарбанд-Денов” йўналиши бўйича 4Р105 автомобиль йўли тоғ ва адирликлардан ўтган. Йирик лойиҳани амалга ошириш чоғида йўлга цемент-бетон қоплама ётқизиш баробарида 26 та кўприк, 2 та йўл ўтказгич, 114 та сув қувури, иккита автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини қайд этувчи назорат пости барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 147,6 миллион долларни ташкил этади.
Бойсун тоғлари бағрида йирик бунёдкорлик майдонига айланган йўл қурилишида 300 га яқин техника ва 400 дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. Йўлни тез, сифатли барпо этиш учун хорижлик мутахассислар ҳам жалб этилган. Кореянинг “DONGSUNG Engineering” компанияси муҳандис-консультантлари ва ўзбекистонлик тажрибали мутахассислар қурилиш сифатини назорат қилмоқда.
– Шу кунгача йўлсозлар 25,7 миллион доллар маблағни ўзлаштириб, 5,3 миллион метр-куб ҳажмдаги ер ишлари, 81,3 минг метр-квадрат асфальт кўчириш, 5,3 километр муҳандислик тармоқларини кўчириш ишларини якунлади, –дейди назоратчи Бобомурод Аллабердиев. – Лойиҳанинг 28,6 километр қисмида ер ишлари тугатилиб, биринчи ва иккинчи қатлам тош-шағал ётқизиш якунланган. 6,6 километр масофадаги йўлда ишлар тўлиқ якунланиб, бетон ётқизилмоқда. Лойиҳани амалга оширишда тезкорлик билан бирга сифатига ҳам алоҳида эътибор берилаётир.
Цемент-бетон қопламали йўлнинг эни ҳудуднинг жойлашувидан келиб чиқиб, 9 метрдан 19 метргача узунликда бўлади. Кенг, равон йўлни барпо этиш учун йўл ўтадиган қияликлар кенгайтирилиб, текисланмоқда. Тош-шағал аралашмаси ётқизилиб, мустаҳкамланаётир. Мутахассислар вилоятда қурилаётган цемент-бетон қопламали йўлнинг асфальт тўшалган йўлга нисбатан узоқ муддат таъмирсиз хизмат қилишини таъкидлайди. Ёғингарчилик, ёздаги иссиқ ҳарорат ва оғир юкли автомобиллар асфальт йўлни тез ишдан чиқариши эътиборга олинадиган бўлса, цемент-бетон қопламали йўл чорак асрдан кўпроқ бенуқсон хизмат қилади. Бунинг учун қоришмага бетоннинг чидамлилигини оширадиган бирикмалар ҳам қўшилади. Тош-шағал, тупроқ, цемент каби маҳсулотлар бош пудратчи лабораториясида ҳам кўрикдан ўтказилади.
– Йўлнинг асосий ишлари якунлангач, цемент-бетон қоплама ётқизиш бошланади, – дейди “Lankaran Yol Tikinti” акциядорлик жамияти менежери ўринбосари Фикрат Шодмон ўғли. – Тўшалган қоплама бўйи 27 сантиметрни ташкил этади. Бетон қоришмаси махсус техника билан тўшалади. У бир иш кунида икки километр масофага қарийб беш минг куб бетон ётқизиш қувватига эга. Қурилиш-реконструкция ишларига Корея, Қозоғистон, Грузия каби давлатларнинг энг тажрибали йўлсозлари ҳам жалб этилган.
“Дарбанд-Денов” йўналиши бўйича 4Р105 автомобиль йўлининг ўнқир-чўнқир бўлиб қолгани сабабли кўп йиллардан буён вилоятнинг Олтинсой, Денов, Сариосиё, Узун туманларига ҳаракатланадиган транспорт воситалари Шеробод тумани орқали қатнаётган эди. Цемент-бетон қопламали кенг, текис йўлнинг барпо этилиши эндиликда уларнинг мазкур йўналишда ҳаракатланишини қарийб юз километрга яқинлаштиради. Мустаҳкам, равон йўл манзилларига бехавотир етиб олишига қулай имконият яратади.
Шижоаткор қурувчилар бу йўлнинг Бойсун тумани марказигача бўлган дастлабки қисмини келгуси йил фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.
Вилоятда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириб, аҳолига муносиб ҳаёт тарзини яратиш учун ички йўллар ҳолатини яхшилаш ва улардан фойдаланиш сифатини оширишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу йўналишда ҳам махсус лойиҳа ишлаб чиқилган. Шунга кўра, Бандихон, Бойсун, Денов, Қумқўрғон, Олтинсой туманларидаги 18 та маҳалланинг 28 та кўчасида цемент-бетон қоплами йўл қурилиши бошланган. Бу жараёнда қарийб 53 километр узунликдаги ички йўлларга цемент-бетон қопламаси ётқизилиб, мустаҳкам, равон йўллар қурилмоқда.
Вилоятда йўлсозларнинг бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида Бандихон туманида Бектепа маҳалласилик Баҳриддин Хурсанов билан суҳбатлашиб қолдик. Реконструкция қилинаётган йўл сифати ва яратилаётган қулайликлар ҳақида анча гурунглашдик.
– Бундай йўлларда автомобиль бошқариш биз учун ушалмас орзу бўлиб туюлар эди, – дейди Баҳриддин Хурсанов. – Қаранг, ойнадек текис йўл барпо этилмоқда. Ҳар сафар адирликда янги қурилаётган шу йўл ёнидан ўтаётганимда беихтиёр қувониб кетаман. Бу қувонч менга ўзгача шижоат улашади. Янада обод турмушга ишончимни оширади. Янгиланаётган Сурхондарёмизга янги йўллар узукка кўз қўйгандек ярашаётганидан фахр ҳиссини туяман.
Ҳа, вилоятда олиб борилаётган бундай улкан ишлар сабру қаноатли Сурхон элининг асрий орзу-истакларини рўёбга чиқариб, йўловчиларнинг кенг, равон йўлларда эмин-эркин ҳаракатланишига қулай муҳит яратаётир. Бу йўллардан йилнинг тўрт фаслида ҳам Бойсун орқали воҳанинг бошқа туманларига ўтиш ёки юртимизнинг бошқа ҳудудларига бориш ўзгача завқ улашадиган янги давр келаётганидан дарак бераётир. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга, одамларнинг тинч, фаровон ва тўкин ҳаётини таъминлашга қаратилаётган ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири