Беруний туманидаги “Rayhon apparel” масъулияти чекланган жамиятида O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Биз эркинлик учун овоз берамиз!” шиори остида тадбир ташкил қилинди.
Учрашувда Нукус “Она ва бола скрининг” маркази директори, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари А.Каландарова, O'zLiDeP Беруний туман Кенгаши аппарат раҳбари Р.Юлдашева, партия фаоллари ва бошқалар бугун барча саъй-ҳаракатлар инсон қадрини юксалтиришга қаратилгани, бош қомусимизга киритиладиган жамики ўзгаришларнинг негизида ҳам мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси ётганини алоҳида таъкидлашди. Айниқса, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий фаолиятини ошириш бўйича белгиланаётган янгиликларга урғу берилди. Партиянинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, кластер ва фермерлар лойиҳанинг муҳокамасига бефарқ бўлмади, кўплаб таклифлар беришди, бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашди. Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб берилган таклифлар қонун лойиҳасида акс эттирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, уларнинг аксарияти мулкдорлар қатлами учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган ўзгаришлардир. Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли иқтисодий ташаббускор тадбиркорлар ва ишбилармонлар синфи шаклланди. Катта имтиёзлар ва преференциялар берилгани, текширувларнинг кескин чеклангани, эркин фаолиятни кафолатловчи қонунлар қабул қилингани мамлакатимизда тадбиркорлар тараққиёти учун зарур асосларни янада мустаҳкамлади. Натижада, кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга кўпайди. Тадбиркорлик субъектларида иш билан банд бўлган аҳоли вакиллари сони ҳам бир неча баробар ошди. Янгиланаётган Конституцияда мулкдорлар, тадбиркорлар манфаатларидан келиб чиқиб киритилаётган ўзгаришлар бу борадаги ютуқларни янада янги босқичга олиб чиқади.
Жумладан, янгиланаётган Конституциявий қонун лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шароитлар яратиш борасидаги мажбуриятлари белгиланяпти. Шунингдек, Конституцияда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг, қонунчилликка мувофиқ, ҳар қандай фаолиятни мустақил танлашга ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланиши катта аҳамиятга молик. Мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласини бош қомусимизда белгилаш – партия аъзолари ва электорати учун айни муддао бўляпти. Мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни ҳам рағбатлантиради.
Тарғибот-ташвиқот тадбири давомида барча хотин-қизларни халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ бўлмасдан, 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақиришди.
Тадбир туман маданият бўлими ходимларининг дилрабо куй-қўшиқлари билан давом этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА