Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш ва самарадорлигини оширишда жамиятимизнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланган – Бош Қомусимизни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Елена Бабенко “Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси тарғиботи юзасидан Андижонда ўтказилган қатор тадбирларда иштирок этди.
Андижон машинасозлик ҳамда Иқтисодиёт ва қурилиш институтларида профессор-ўқитувчилар, талабалар, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари иштирокида семинарлар бўлиб ўтди. Унда депутат мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш ва самарадорлигини ошириш, инсон қадрини улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришда жамиятимизнинг ҳуқуқий пойдевори – Бош Қомусимиз такомиллаштирилиб, янада мустаҳкамланаётганлиги муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, конституцияни янгилаш жараёнида юртдошларимиз, кенг жамоатчилик томонидан Бош қомусимизга тузатиш ва янги нормалар киритиш бўйича 200 мингдан ортиқ таклифлар билдирилганлиги, ана шу таклиф ва ташаббуслари асосида қомусимиздаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпайганлиги, конституция матни 65 фоизга янгиланганлиги ҳақида маълумотлар берилди.
Семинарда ана шу ўзгаришлар асосида янгиланган конституцияни қабул қилиш бўйича юртимизда жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдуми ўтказилиши белгиланганлиги таъкидланиб, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро ушбу тадбирда фаол қатнашиши, ўз муносабатини билдириши муҳим эканлиги юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
- “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳасида ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилган, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенко. - Янгиланаётган конституциямизда жамият ва аҳолининг барча табақалари ижтимоий ҳимояси, инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилган қатор нормалар белгиланганлиги билан аҳамиятлидир. Умуман, янгиланаётган конституция мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаради.
Семинарларда ЎзХДП вилоят кенгаши мутасаддилари томонидан референдумга тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Депутат Елена Бабенко ташаббуси билан Рус, Қирғиз, Уйғур ва Корейс миллий-маданий марказлари Андижон вилояти бўлими мутасаддилари, фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ҳам Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган конституцияси хусусида сўз юритилди.
Давра суҳбати қатнашчиларига “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди. Мазкур ҳужжат миллатидан қатъи назар ҳар бир фуқаро манфаати ҳимояси ва мамлакат тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Турли миллатлар вакиллари - тадбир қатнашчилари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси ҳамда уни қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказиладиган референдум юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА