Янгиерда «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишига старт берилди
Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида одамлар пастқам ва кўримсиз хонадонларда истиқомат қиларди.
Aҳоли йиллар давомида ичимлик суви, газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолардан қийналиб келди. Сўнгги йилларда эса Янгиер кўркам шаҳарга айланмоқда.
Бугунги кунда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан-да долзарб. Шу боис Президентимиз раислигида 2 ноябр куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жойларни пухта лойиҳалаштириш, ҳудудларда кўпроқ боғ ва хиёбонлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди.

Белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятнинг тўрт ҳудуди – Гулистон, Янгиер шаҳарлари ҳамда Сирдарё, Гулистон туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилиши бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган эди.
Энди Янгиер шаҳрида ушбу янги массив қурилишига тамал тоши қўйилди. Унда нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
– Вилоятда уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери режа тузамиз, – дейди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. – Чунки уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп.

Шунинг учун Янгиерда ҳам янги массив қуришга киришдик. Бу ерда жами 72 та 5 ва 7 қаватли 2 584 хонадонли турар жойлар қурилади, 3 мингга яқин оила яшайди. Бугун мана шундай улкан бунёдкорлик ишларига киришар эканмиз, аввало аждодларимизнинг бой билими ва тажрибасига, меҳнаткаш, бир сўзли ва танти вилоят аҳлининг азму шижоатига суянамиз.
Умумий майдони 50 гектар бўлган янги массивда 1400 ўринга эга бўлган 1 та мактаб, 1 та 1500 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси, 1 та поликлиника, 2 та Ёшлар меҳнат гузари, 1 та IT-парк, 1 та коворкинг маркази, 10 та савдо дўкони, 1000 ўринга мўлжалланган 1 та тикувчилик цехи, 2 та нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари қурилади. Вилоят ҳокими кўрсатмасига мувофиқ, яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилади.

Янги массив лойиҳасида коммуникация тармоқларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунда 7,5 км ички йўллар, 3,5 км оқова сув тармоғи, 3,5 км ичимлик суви, 2,5 км табиий газ, 3 км электр тармоқлари тортилади.
Шундан сўнг янги массив қурилишига тамал тоши қўйилди.

Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА