Янгича ёндашувлар таълим сифатини яхшилайди
Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, ёш авлодга замонавий билимларни бериш, бу борада ўқитувчи ва мураббийларнинг касб малакаси ва маҳоратини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Зеро, педагогларнинг янгича, замонавий усулларни амалиётда қўллаш бўйича маҳоратини ошириш таълим сифатини яхшилашда долзарб аҳамият касб этади.
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан ижтимоий фан ўқитувчилари ўртасида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Янги ўқитувчи – 2030” Тeam building технологияси асосида “Яхшилик йўлидаги ҳамкорлик” шиори остида кўрик-танлов ўтказилди.

Кўрик-танлов Олмазор туманида жойлашган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ташкил этилди. Ўқитувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, таълим жараёнларида янги методларни қўллаш кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Янгиҳаёт туманидаги 15 та умумтаълим мактабларининг ижтимоий фан ўқитувчилари иштирокида тузилган 3 та жамоа ўзаро баҳслашди. Блиц савол-жавоб, “Ребус”, “Жумбоқ савол” ҳамда “Мени топ” деб номланган тўртта шарт асосида жамоаларнинг билими, тажрибаси, кўникмалари синовдан ўтказилди.

— “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда фаолиятимизни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди Янгиҳаёт тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ижтимоий фанлар усулшуноси Лола Ойназарова. — Туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ташаббуси билан ўтказилган кўрик-танловдан кўзлаган асосий мақсад ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, фанлараро интеграцияни кўрсатиб бериш, ўқитувчилар эришаётган натижаларни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу билан бирга, ёш ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этишда бу каби кўрик-танловлар муҳим аҳамият касб этади. Туманимиздаги педагоглар ушбу кўрик-танлов баҳонасида ўзаро тажриба алмашди, фикрлашди. Бу, албатта, уларнинг келгуси фаолиятида алоҳида ўрин тутади.
Кўрик-танловда ғолиб бўлган жамоалар вакиллари Янгиҳаёт тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА