Юртимизда ёшларни оммавий спортга жалб этиш орқали иқтидорли спортчиларни камолга етказишда жойлардаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мураббийларининг алоҳида ўрни бор.
Айнан уларнинг саъй-ҳаракати натижасида бугунги кунда Ватанимизнинг спорт шуҳратини жаҳон майдонларида муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчилар етишиб чиқаётганлигини эътироф этиш лозим.
Хоразмнинг Янгибозор туманида белбоғли кураш бўйича юзлаб ёш чемпионларга устозлик қилиб келаётган жисмоний тарбия ўқитувчиси Бекберган Болтаев ана шундай мураббийлардан бири. Ушбу мураббийни бугун нафақат мамлакатимиз яккакураш олами, балки жаҳон белбоғли курашчилари яхши билади, ҳурмат қилади. Боиси, умрини спортга, белбоғли кураш ривожига бағишлаган Б.Болтаев мусобақалар, чемпионат ва халқаро турнирларда мураббий ва ҳакам сифатида ҳурмат қозонган.
Яна бир эътиборли жиҳати, белбоғли кураш бўйича ўтказилган халқаро мусобақалар, чемпионат ва биринчиликларда Болтаев шогирдлари ҳеч қачон медалсиз қайтмаган. Жумладан, жорий йил давомида ўтган биринчи МДҲ ўйинларида ҳам, халқаро мусобақалару чемпионатларда ҳам хоразмлик белбоғли курашчилар ҳамиша медалларни қўлга киритиб келдики, бунда шижоатли мураббий Болтаевнинг алоҳида хизматлари бор. Биргина мисол, шу йилнинг 4-7 сентябрь кунлари Татаристоннинг Мамадиш шаҳрида белбоғли кураш бўйича 2004-2006 йилларда туғилган ўғил ва қизлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Б. Болтаев мураббийлигидаги 34 нафар спортчидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди. Курашчиларимиз беллашувларда 8 олтин, 7 кумуш ва 16 бронзадан иборат жами 31 та медални қўлга киритиб, белбоғли кураш тарихида ўзига хос натижага эришди.
- Спорт машғулотларига қизиқишим 10-11 ёшлик давримда бошланган. Аввалига юнон-рум кураши, кейинчалик самбо ва дзюдо билан шуғулланганман. Устозим Олланазар Давлетов қўл остида спорт усталигига номзод бўлганман. Биз шуғулланган пайтлар спортга эътибор у қадар юқори эмасди, рости. Бундан ташқари, мусобақалардаги ноҳақликлар кўнглимизни хира қиларди. Шундай пайтларда устозимнинг далдаси билан яна машғулотларни давом эттиришга киришардик. Шукрки, бугун биз эриша олмаган натижаларни Раҳматжон Шомуратов, Замира Аҳмедова, Уллижон Давлетова, Шоира Қаландарова, Нусрат Юлдашев, Огабек Аматбаев ва Гулёр Раҳмонова каби шогирдларимиз қайд этмоқда. Айниқса, фарзандим Моҳинур Раҳмонова 2020 йилда спорт устаси талабини бажарганлиги, 3 марта ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, 2 марта ёшлар ўртасида жаҳон чимпионатларида бронза медални қўлга киритганлиги орзуларимиз рўёбга чиқаётганидан далолат. Биласизми, шогирдингиз шоҳсупага кўтарилиб унинг ғалабаси шарафига Ватан мадҳияси янграса, бундан-да ортиқ бахт бўлмаса керак, - дея ҳаяжонини яширмади Б.Болтаев.

Бугунги кунда Хоразмнинг Гурлан, Шовот, Хонқа, Урганч каби туманларидаги тўгаракларда юзлаб ёшларнинг белбоғли кураш билан шуғулланиши, республика ва халқаро мусобақаларда муносиб ўринларга сазовор бўлишида Б.Болтаев қўл остида шуғулланган ёш мураббийларнинг алоҳида ўрни бор, албатта.
Ўтган давр мобайнида уларнинг ҳамжиҳатликда олиб борган ишлари сабабли хоразмлик спортчилар белбоғли кураш бўйича ўтказилган чемпионатларда 2 олтин, 4 кумуш ҳамда 10 дан зиёд бронза медалларини қўлга киритди.
Янгибозор туманида 100 нафардан ортиқ иқтидорли спортчилар белбоғли кураш билан мунтазам шуғулланаётганлиги таҳсинга сазовор. Албатта, уларнинг орасидан ҳаммаси ҳам чемпион бўлмаслиги мумкин. Энг муҳими, спорт машғулотлари орқали минглаб оилаларга жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзи тамойиллари кириб бормоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА