Янги жамғарма ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилади.
Жамғарма Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш, ўқув курсларида ўқитиш, шунингдек, девон фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирларни молиялаштиришни амалга оширади.
Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланишининг ҳисоби миллий ва чет эл валютасида амалга оширилади.
Маблағлардан тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида фойдаланилади.
Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иктисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг Молия шўъбаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади ҳамда Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чикади. Даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритиш юзасидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга таклифлар киритади.
Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметаси ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдикланади.
Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди, кейинчалик Жамғарма Низомида назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва чет эл валютасида жамғариб бориладиган ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.
ЎзА