Янги, замонавий поликлиника барпо этилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги “Бекат” маҳалласида қарийб 5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу ҳудудда узоқ йиллар давомида аҳоли учун замонавий тиббиёт муассасаси мавжуд эмас эди. Шу боис фуқаролар 10–11 чақирим масофада жойлашган “Анорзор” маҳалласидаги 7-сонли оилавий поликлиникага қатнашга мажбур бўлар, айниқса қишнинг қаҳратони ва ёзнинг иссиқ кунларида бундай қатновлар катта ноқулайликларга сабаб бўлар эди.
Ана шундай узоқ йиллик муаммони ҳал этиш мақсадида, самарқандлик тадбиркор — масъулияти чекланган жамият раҳбари Зафар Тўраев шахсий ташаббуси ҳамда қарийб 2,5 миллиард сўм маблағи ҳисобидан “Бекат” маҳалласида барча замонавий талабларга жавоб берадиган янги поликлиника биносини барпо этиб, маҳаллий аҳолига туҳфа этди.
Мазкур тиббиёт муассасасининг очилиш маросими тантанали руҳда ўтказилди. Унда Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Санжар Худойбердиев, маҳалла фаоллари, туманнинг фахрий нуронийлари, тиббиёт ходимлари ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасига қаратаётган доимий эътибори ҳамда тадбиркорнинг халқ фаровонлиги йўлидаги амалий ёрдамини алоҳида эътироф этдилар.
[gallery-23951]
Эътиборга молик жиҳати шундаки, янги поликлиника нафақат ташқи кўриниши ва қурилиш сифати билан, балки фуқароларга замонавий ва юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти билан ҳам ажралиб туради. Хусусан, бино таркибида 2 та оилавий шифокор хонаси, 2 та кундузги стационар бўлим, гинекология, доялик, стоматология, физиотерапия ва автоклав хоналари мавжуд. Барча зарур тиббий ускуналар олиб келиниб, муассаса тўлиқ ишга тайёр ҳолатга келтирилди.
– Янги поликлиника биз учун катта шодлик ва имкониятдир, – дейди маҳалла фаоли Шавкат Каримов. – Кўп йиллар давомида фуқароларимиз узоқда жойлашган поликлиникага қатнашига мажбур бўларди. Бу айниқса кекса инсонлар ва болали аёллар учун жуда қийин эди. Энди эса ушбу замонавий тиббиёт маскани орқали бу муаммолар ўз ечимини топди. Президентимиз ва элпарвар тадбиркорга чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Таъкидлаш жоизки, Зафар Тўраев раҳбарлик қилаётган МЧЖ фаолияти нафақат Сирдарё вилоятида, балки Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳам шу каби хайрли ташаббусларни амалга оширган. Жамиятнинг ҳуқуқшуноси Акмал Имомовнинг таъкидлашича, жорий йил якунига қадар Сирдарё вилоятида яна тўртта шунга ўхшаш замонавий оилавий поликлиника биноси қурилиб, аҳоли ихтиёрига топширилиши режалаштирилган.
– Ҳозирда Ховос туманидаги Қайирма маҳалласининг ўзида яна бир поликлиника қурилиши олиб борилмоқда, – дейди А. Имомов. – Шу кунгача жамиятимиз томонидан 200 га яқин поликлиника, мактаб ва боғчалар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бизнинг асосий мақсадимиз юртдошларимизга хизмат қилиш ва уларга муносиб шарт-шароит яратишдир.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев(сурат, видео) ЎзА мухбирлари