Сиз истеъдодлимисиз? Ўзингизни синаб кўриш имконияти бор.
Интернет орқали ўзингизни намоён қилинг.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги “Таътилдаги юлдузлар” ижодий онлайн танловига старт берди.
Мазкур лойиҳа бугунги кунда уйда қолиб ижод қилаётган ўқувчиларнинг маданий дам олиш ҳамда ижодий қизиқишлари, ижрочилик қобилиятини намойиш этиш, ўқувчи-ёшларнинг таътил давридаги бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маданият ва санъатга бўлган истеъдоди ва ижодий қобилиятини намойиш этишга кенг йўл очиб бериш мақсадида ўтказилмоқда.
Танловда вазирлик тасарруфидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ўқувчилари иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Интернет тармоғи орқали ижод намуналарини кўрсатиш йўли билан ташкил этилувчи ушбу ижодий беллашув учун тақдим этилган асарлар иштирокчилар томонидан жонли тарзда ижро этиши зарур.
Танлов “Энг яхши чолғу ижрочилиги”, “Энг яхши хонанда”, “Энг яхши рақс ижрочиси” каби йўналишларда ўтказилмоқда. Танлов иштирокчилари чолғу, ашула, ария, қўшиқ ва рақс бўйича ихтиёрий тарзда асарлар танлаш ҳуқуқига эга.
Юқорида таъкидланганидек, мазкур танлов бир босқичда онлайн тарзда ўтказилади. Иштирокчилар томонидан тайёрланган чолғу, хонандалик, ҳамда рақс ижроларига оид ижодий ишлар видео, аудио, фото материаллар тарзида 23 январга қадар қабул қилинади. Ғолиблар эса ноутбук, планшет, китоблар тўплами билан тақдирланиши кўзда тутилмоқда.
ЎзА