“Янги йилни янги уйда кутиб оляпмиз”
Янги йил байрами арафасида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида 294 хонадонли 7 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Юртимизда кейинги йилларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга субсидия бериш орқали уларнинг ўз хонадонига эга бўлиши учун қулай шароит яратилмоқда. Иккинчи гуруҳ ногирони Севара Ўроқова ҳам давлатимизнинг ана шу ғамхўрлиги боис ўз уй-жойига эга бўлди.
[gallery-21112]
– Ўз уйимиз йўқлиги сабабли 15 йилдан буён ижарада яшаб келдик, – дейди Севара Ўроқова. – Бунинг азобини бошидан ўтказганлар билади. Худога шукр, бу йил бизнинг ҳам орзуларимиз ушалиб, оиламизга субсидия ажратилди ва шу асосида ўз уйимизга эга бўлдик. Бундан ташқари, турмуш ўртоғим ишга жойлашди, менга ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу эътибордан жуда хурсандмиз. Янги йил яна ҳам омадли келсин.
Туманнинг Кўтарма маҳалласидаги кўп қаватли турар жой мажмуасида уй-жойлардан ташқари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, ижтимоий соҳа объектлари ҳам қад ростламоқда. Янги уйлар билан бирга замонавий савдо мажмуаси ва 200 ўринли болалар боғчаси ҳам фойдаланишга топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари