Янги йилдан янги тизим ишга тушади
Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги қарорига асосан, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш мақсадида 2022 йил 1 январдан эътиборан бутунлай янги тизим – ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда.
Мазкур ҳужжатда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси ташкил этилиши белгиланган эди. Айни пайтда мазкур комиссия ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирлик, идоралар, тижорат банкларининг масъул ходимларини ҳар бир туман ва шаҳарга бириктирган.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари Республика комиссияси ва республика вакилларининг ишчи органлари этиб белгиланган.

Комиссия аъзолари шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни тизимли ташкил этади. Ўзи бириктирилган ҳудуддаги республика вакиллари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, мақсадли кўрсаткичларга эришилиши учун масъул ва жавобгар бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан бирга ўзи бириктирилган ҳудудга ажратилган маблағларнинг туман ва шаҳарлар кесимида тақсимланишини таъминлайди.
Бугунги кунда мазкур қарор ижроси доирасида барча вилоятларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Хоразм вилояти бўйича ваколатли офиси ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Хоразм филиали ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, тижорат банкларидан оилавий тадбиркорликни юритиш учун имтиёзли кредитлар олиш истагидаги фуқаролар, ўз бизнес фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган шахслар учун ўтказилаётган ўқув курслари ҳам шулар жумласидандир. Шунингдек, ҳудудларга чиққан ҳолда мутахассис кадрлар ва тегишли соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда мастер класлар ўтказилаётир.
Хоразм вилояти Урганч туманида ҳоким ёрдамчилари хуқуқий ва иқтисодий билимларини ошириш жараёнида ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаганларга сертификатлар берилди. Республикадан бириктирилган вакиллар тоомонидан олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари давом этмоқда.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА