Бугун кўпчиликни “Янги йилда қор ёғадими?” деган савол қизиқтираётгани табиий.
Чунки ҳаммамиз қорни жуда-жуда соғиндик. Кечикиб, дарахтлар мевага кирган паллада ёғиб, ризқу рўзимизни қуритадиган қорни эмас, қишнинг авжи палласию чилласида ёғадиган қорни соғиндик.
Биз болалигимизда қишда тинмай чана учардик. Ариқларда қотиб қолган муз устига ётиб сирпанардик. Юзимиз совуқдан шўрлашиб, бармоқларимиз ёрилиб кетарди. Аммо совуқдан нолимасдик.
Ёшлигимизда чаналар учиб, қорбўрон ўйнаб улғайдик. Қишнинг ўзгача зийнатию фазилатини ҳис қилиб яшадик. Аммо ҳозирги болалар чана нималиги-ю, музда учиш завқини ҳис этишдан йироқ. Назаримда қиш илиқ фасллар билан алмашиб қолгандек. Қорни соғинган болажонлар “Ойижон, қачон қор ёғади?” деган савол беришни тўхтатишмайди. Хўш, юртимизда қачон қор ёғади? Табиатдаги ўзгаришларга сабаб нима?
Шу каби саволларимизга Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов жавоб берди.
– Юртимизда қишда қор ёғиши камайиб боришига сабаб нима?
– Иқлим ўзгариши атмосферада циклон ва антициклон, бошқача айтганда, совуқ ва илиқ, нам ва қуруқ ҳаво массалари ҳаракатидаги маълум бир мувозанатни ўзгартириб юборди.
Ўзбекистонда қиш мавсумида қор ёғиши учун шимол ва шимоли ғарбдан совуқ ҳаво оқимлари тез-тез республика ҳудудларига кириб келиши керак бўлади. Бошқача айтганда, бизнинг минтақада айни шу ҳаво оқимларидан қор ёғади. Таҳлилларга кўра, ҳозирда йил давомида совуқ ҳаво оқимларининг республика ҳудудларига кириб келиши ўтган аср охирларига нисбатан нақд икки баробарга камайган. Бунинг натижасида, 2016 йилдан бошлаб, қишда ёғиб ўтган қорлар давомийлиги ва ерда ҳосил бўлган қор қопламининг суткалаб эримасдан туриш ҳолатлари кескин камайиб кетди. Бир сўз билан айтганда, қиш мавсумида илиқ қиш кунлари сонининг ортиши кузатилмоқда.
– Халқ орасида осмонга ракета учирилиши туфайли озон қатлами шикастланган, шу сабабли қор ёғиши ҳам камайган, яъни озон қатламининг мувозанати бузилган, деган қарашлар юрибди. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Озон туйнугининг емирилиши айнан иқлим ўзгариши, ўзгариш фонида ҳаво ҳароратининг исиб кетаётганлиги тўғрисида илмий хулосалар мавжуд эмас. Ҳозирда иқлимнинг глобал миқёсда исиш жараёни антропоген таъсир яъни атмосферага турли хил чиқинди газларни чиқариш орқали парник эффекти (иссиқхона самараси)ни ҳосил қилиш фонида рўй бермоқда.
Ракета учирилиши натижасида, атмосфера юқори қатламида ҳаво таркибининг бироз ўзгариши фанда исботланган. Аммо, ҳозирда Ўзбекистонга яқин Қозоғистон республикасининг Бойқўнғир полигонидан учирилаётган ракеталар сабаб, айнан Бойқўнғир устидаги атмосфера қатлами ёки Ўрта Осиё устида озон туйнугининг емирилаётгани ёки очилиб қолаётгани кузатилмади. Ҳар ҳолда сунъий йўлдош орқали спектреометрик тасвирларда бу ҳолат кузатилмаган.
Озон туйнугининг емирилиши ёки очилиб қолаётгани охирги йилларда Жанубий қутб доираси ичидаги Антарктида материги устида фаол содир бўлмоқда.
– Кейинги 3-4 йилларда қор асосан февраль ойининг охирларида ёғяпти? Қорнинг дарахтлар мевага кирган паллада кечикиб ёғишининг сабаби нимада?
– Глобал иқлим ўзгариши бизнинг минтақада илиқ қиш кунлари сонининг ортиб кетиши билан намоён бўлмоқда. Қиш ойларида совуқ ҳаво оқимларининг Ўзбекистон ҳудудларига кириб келиши тенг икки баробарга камайиб кетди. Аксинча, охирги йилларда октябрь ва ноябрь ойларида совуқ ҳаво оқимларининг республикага кириб келиши фоллашди.
Республикада охирги уч йилликнинг барча ноябрь ойларида ой давомида совуқ ҳароратларнинг кузатилиши ва ноябрь ойининг ўзидаёқ қор ёғиши фикримизни исботлайди. Давомий илиқ қиш кунлари ортидан шимолдан совуқ ҳаво оқимлари кириб келиш ҳолати ҳозир ҳам сақланиб қолган. Аммо, совуқ антициклонларнинг минтақага чуқур кириб келиш эҳтимоли камайиб кетди. Чунки ҳозирда минтақамизга йилнинг деярли барча мавсумларида жануб иссиқ субтропик давлатлардан илиқ ва иссиқ ҳарорат тўлқинларининг таъсири кучли бўлиб турибди.
Илиқ қиш кунларининг давомий бўлиши дарахтларда вегетация даврини қиш мавсумларининг ўзида кузатилишига олиб келган. Натижада, қиш ойларида яшиллилик олами эрта уйғониб, фаол вегетацияга кириб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ортидан эса битта совуқ ҳавонинг кириб келиши, "уйғониш" даврига кириб келган дарахт ва ўсимлик дунёсига салбий таъсир кўрсатмасдан қўймайди. Ўсимлик оламини совуқ урмоқда ва келгуси ҳосилни йўқотмоқда. Чўл ва тоғ яйловларида яшилликнинг камайиши бевосита шунга боғлиқ. Бу глобал иқлим ўзгаришининг минтақамизга шу кўринишдаги таъсир этаётгани билан тушунтирилади.
– Янги йилда қор ёғадими?
– Ўзгидромет ўз ваколат доирасида уч муддатли об-ҳаво прогноз хабарларини ишлаб чиқади. Қисқа, ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз хабарлари.
Қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогноз хабарлари келгуси 5 кунлик давр учун ишлаб чиқилади ва бунда прогноз хабарларида ёғингарчиликнинг турлари (ёмғир, қор, дўл) аниқ кўрсатиб ўтилади. 5 кундан кейинги кунлар учун ишлаб чиқиладиган прогноз хабарлар узоқ муддатли об-ҳаво прогноз хабарларига кириб, бунда ёғингарчилик ва уларнинг турларини аниқ бир кунда бўлиб ўтиши кўрсатилмайди. Бу каби прогноз хабарлар ойнинг ўн кунликлари ва айрим беш кунликлар учун ишлаб чиқилади. Унда ҳаво ҳарорати ва ёғингарчиликларнинг меъёрдан кўп ёки камлиги кўрсатиб ўтилади.
Янги йил арафасида халқимиз янги йил кечасини қандай об-ҳаво қаршисида кутиб олиши тўғрисидаги саволлар кўпчиликни қизиқтиради. Янги йил арафалари яъни 30-31 декабргача яна 8-9 кун бор ва бу кунлар учун тузиладиган об-ҳаво прогнозлари узоқ муддатли об-ҳаво прогнозлар сарасига киради. Ўзгидромет ваколат доирасида узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларида аниқ муддат учун ёғингарчилик бўлиши кўрсатиб ўтилмайди.
Аммо метеоролог сифатида, атмосферадаги ҳаво оқимлариининг ҳаракатини синчков таҳлил қилган мутахассис сифатида 30-31 декабрь кунлари республикамизда ёғингарчилик кутилмайди. Демак, республика аҳолиси байрамни қорли об-ҳавосиз кутиб олиши мумкин.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди