Янги йил, янги уй, ушалган орзулар
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 120 хонадондан иборат тўрт қаватли бешта арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг 2019 йил 21 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши амалга оширилмоқда.

“Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти буюртмаси билан бунёд этилган 4 қаватли, икки-уч хонали 120 хонадондан иборат бешта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Шинам ва барча қулайликларга эга бўлган хонадонлар асосан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар, меҳнат мигрантлари, ногиронлиги бўлган кишилар, ёшлар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун ажратилди.
Янги йил байрами арафасида мазкур уйлар фойдаланишга топширилгани кўплаб оилаларга қувонч бағишлади.
Туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Мазкур уй-жойларнинг қурилгани ҳам бу ишларнинг узвий давомидир. Янги уйлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун электр энергиясига мослашган якка тартибдаги иссиқлик қозонхоналари, тоза ичимлик суви ва канализация тармоқлари, сув сақлаш ва тарқатиш иншооти билан таъминланган.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА