2022 йилда:
918 минг 814 туғилиш;
177 минг 466 ўлим;
290 минг 884 никоҳ;
47 минг 863 никоҳдан ажралиш қайд этилди...
Янги йил кириши янги режалар тузишгина эмас, балки якунига етган йилни сарҳисоб қилишни ҳам тақозо қилади. Адлия вазирлиги тизимида 2022 йилда қандай ишлар амалга оширилди? Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева қуйидагиларни маълум қилди:
- Ўтган йилда 233 қонунчилик ҳужжати лойиҳалари ишлаб чиқилди. Шундан 79 таси қонун, қолгани фармон ва қарорлар ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ташкил этди.
Икки мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан, 246 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мурожаатлар билан ишлаш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида вазирликка жами 131,5 та мурожаат келиб тушди. Шундан 84 фоизи қонуний ҳал этилди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан киритилган тақдимномалар туфайли 10 минг 486 нафар шахс маъмурий, 22 минг 146 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шулардан 579 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Судларга 29 минг 828 даъво аризалар киритилди ва 28 минг 242 таси қаноатлантирилди.
Юридик хизмат кўрсатиш соҳасида хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар сони 20 мингтага етказилди. Улар томонидан уч миллион ҳужжатнинг қонуний қабул қилиниши таъминланди.
19 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. 93 минг 336 юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилди. 25 янги давлат хизмати жорий этилди. Электрон шаклда хизмат кўрсатиш 21 фоиздан ошди.
«Лицензия» ахборот тизимида юзта хизмат ишга туширилди, 57 минг 245 лицензия электрон шаклда берилди. Олтита лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга фаолият турлари, 17 талаб ва шарт бекор қилинди.
Айрим давлат хизматлари бўйича ундириладиган тўлов миқдори қисқартирилди, иккитаси бекор қилинди. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўллаш йўлга қўйилди.
Шунингдек, жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилди, 489 минга яқин фуқарога ушбу тизим орқали хизмат кўрсатилди.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳасида аҳолига 1,5 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Хусусан, 918 минг 814 туғилиш, 177 минг 466 ўлим, 290 минг 884 никоҳ ва 47 минг 863 никоҳдан ажралганлик қайд этилди.
10 мингга яқин интеллектуал мулк объектлари рўйхатдан ўтказилди. Бу соҳада аҳоли ва тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш муддатини ўртача икки бараварга қисқартириш имконини берувчи тезкор экспертиза тартиби йўлга қўйилди.
«Муаллифлик объектлари ягона базаси» ахборот тизими шунингдек, муаллифлик ҳуқуқини рақамли муҳитда ҳимоя қилиш мақсадида «Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасида қонунбузилишлари реестри» давлат ахборот тизими ишлаб чиқилди.
«Саноат мулки муҳофазаси портали»да интеллектуал мулк объектларини электрон шаклда рўйхатга олиш ва QR-кодли муҳофаза ҳужжатларини бериш имконияти яратилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 399 мингдан ортиқ манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
382 янги ва 297 ННТлар қайта, шунингдек, 19 диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди. 301 ННТ фаолияти тугатилди.
Ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланди. Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар сони 5 миллионга яқинни ташкил этди.
Адлия вазирлиги жорий йилда ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, давлат хизмати кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятларини янада ривожлантириб, аҳолига қулайлик яратиш имкониятларини тақдим этишда давом этади.
Н.Абдураимова, ЎзА