Янги йил яхши йил бўлиб кел!
Юнусобод туманидаги 21-Меҳрибонлик уйида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Болажонларга қувонч улашиб...” номли хайрия тадбири ўтказилди.
Юнусобод туманидаги 21-Меҳрибонлик уйида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Болажонларга қувонч улашиб...” номли хайрия тадбири ўтказилди.
Тадбирда қатнашган олимлар, фан ва жамоат арбоблари болалар кўнглида юксак орзулар уйғотувчи, уларни эгзу мақсадлар сари чорловчи ибратли ҳикоялардан сўзлаб беришди. Суҳбатлар уюштирилди. Республика қўғирчоқ театри ижодкорлари тақдим этган томошалар, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли томонидан тайёрланган қўшиқ ва рақслар даврага ўзгача файз улашди. Болалар биргаликда рақс тушиб, қўшиқ куйлашди.


– Янги йил яхши йил бўлиб келишини хоҳлайман, – деди Юнусобод туманидаги 21-Меҳрибонлик уйи 7-синф ўқувчиси Темур Усмонов. – Тунги Тошкент шаҳри бўйлаб оилавий саёҳат қилишни, яхши ва янги дўстлар орттиришни истайман. Дарсдан бўш вақтларимда футбол билан шуғулланаман. Ҳафтада уч кун машғулотларда чиниқамиз. Келажакда ўзбек футболини юқори поғонага чиқаришни орзу қиламан. Машғулот раҳбаримизнинг айтишича, буни биз уддалаймиз. Дунё таниган футболчиларнинг аксарияти оддий оиладан чиққан, кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган экан. Ҳаётда ҳеч нарса бежизга бўлмайди. Мен ўз келажагимни футбол билан боғлайман ва улкан зафарларни забт этишга астойдил ҳаракат қиламан.


Даргоҳда 137 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 30 нафари 7 ёшга тўлмаган бола ҳисобланади. Тадбир ташкилотчилари шуни инобатга олган ҳолда фаол қатнашган ўғил-қизларга ёшларига мос эсдалик совғалар топширди. Меҳрибонлик уйи кутубхонаси учун ўзбек ва жаҳон болалар адабиёти дурдоналаридан намуналар ва махсус китоблар тақдим этилди.