Янги йил учун арзон маҳсулотлар
Аҳоли дастурхони тўкин-сочинлиги ва бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида Янги йил байрами муносабати билан Самарқанд вилоятидаги бозорлар ва савдо мажмуаларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.
– 24 жойда йўлга қўйилган бу ярмаркаларнинг 6 таси вилоятимизнинг шаҳар ва туманлар марказидан олис қишлоқларда иш бошлади, – дейди Самарқанд вилояти бозорлар ва савдо комлекслари уюшмаси савдо бўлими бошлиғи Қаҳрамон Орипов. – Ярмаркаларга асосий турдаги маҳсулотлар бозорлар қошидаги савдо-харид корхоналари захирасидан, қолганлари фермер хўжаликлари ҳамда тижорат фирмаларидан чиқарилмоқда. Ҳар бир маҳсулот бозор қийматидан арзон нархда сотилмоқда. Айрим маҳсулотларнинг нархи асосиз ошириб юборилиши олдини олиш мақсадида нарх белгилаб қўйилган. Масалан, мол гўшти 70 минг сўмгача, қўй гўшти 75 минг сўмгача, товуқ гўшти 27 минг, тухум эса 1100 сўмдан қиммат бўлмаслиги керак.
Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори”да ташкил этилган ярмарка ҳар куни харидорлар билан гавжум.
– Ярмаркага маҳсулот келтирадиган фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари тайинланган, – дейди бозор директори Шеҳроз Аббосов. – Шунингдек, кунига қанча маҳсулот келтирилиши ҳам аниқ белгиланган. Бундан ташқари, ўзимиз захирага жамғарган озиқ-овқат маҳсулотларини савдога чиқарганмиз. Шунинг учун нарх барқарорлиги таъминланмоқда.
Айрим маҳсулотлар белгиланганидан ҳам арзон сотиляпти. Масалан, мол гўшти 65 минг сўм, қўй гўшти 70 минг сўмдан. Харидорларга танлаш имконияти ҳам мавжуд. Улар маҳсулотнинг сифати ва нархига қараб, маъқулини сотиб олишяпти.
Ярмаркалар 2024 йилнинг 10 январига қадар давом этади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари