
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам Янги йилга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шу асосда байрам тадбирлари чоғида намунали жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳамкорликда барча ташкилий-профилактик, тезкор-қидирув ва бошқа йўналишларда нохуш, фавқулодда ҳолатларга йўл қўймасликка қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятдаги 15 та бозор, истироҳат боғи, хиёбон ва ўйингоҳларда, Термиз шаҳридаги Санъат саройида байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Бу тадбирларда 64 мингдан ортиқ киши иштирок этиши кутилмоқда. Бунда байрам тадбирлари қатнашчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги ходимлари, жамоатчилик вакиллари жалб этилган. Уларга хизматда фойдаланиш учун зарур алоқа, автотранспорт воситалари, металлодетектор, хизмат итлари ажратилган.
Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларнинг техник мустаҳкамлиги, тайёргарлик даражаси комиссион тартибда мукаммал кўрикдан ўтказилиб, ушбу ҳудудлар 60 та кузатув камералари билан тўлиқ қамровга олинган. “Янги йил арчалари” ҳудуди, йўл-патруль хизмати масканлари ва бошқа жамоат жойлари кузатилиб, назорат қилинаётир.
Тадбир ўтказиладиган объектлар атрофида тирбандликлар юзага келишининг олдини олиш учун айрим кўчаларга вақтинчалик йўл белгилари ўрнатилиб, айланма йўллар ташкил этилди.
Шу ўринда айтиш лозимки, вилоятда ўтказилаётган қўшма рейдларда шу пайтгача қиймати 38 миллион 893 минг 400 сўмдан ортиқ 70 790 донадан зиёд пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Уларнинг 1 минг 650 донаси чегара ҳудудларда, 32 минг 463 донаси жамоат жойларида, 28 минг 56 донаси бозорларда, 8 минг 621 донаси ўқув муассасаларида аниқланиб, 162 таси бўйича маъмурий чоралар кўрилди. 17 та ҳолат бўйича чора кўриш учун ҳужжатлар туман судларига юборилди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган 2 та тақдимнома киритилди.
Рейдлар давомида 413 та ресторан, 406 та кафе ва барлар, 400 та тўйхона ва бошқа мажмуалар, 541 та бозор ва объект раҳбарлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Пиротехника воситаларининг салбий оқибатлари ва улардан фойдаланмаслик юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Янги йил байрамида бозорларда сифатсиз озиқ-овқат, айниқса, уй шароитида тайёрланган маҳсулотларнинг аҳолига сотилишининг олдини олиш мақсадида ҳудудий ички ишлар ва солиқ идоралари, санитария-эпидемиология назорати ходимлари бозор маъмурияти билан ҳамкорликда Термиз шаҳри ҳамда туманларда ташкил этилган ярмаркаларда рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Бунда истеъмол бозорлари ҳамда байрам ярмаркаларида нарх-навони сунъий равишда ошириш ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда вилоятдаги белгиланган ҳудудларда Янги йил байрами шодиёналари, турли кўнгилочар тадбирлар қизиқарли тарзда ташкил этилмоқда. Бу жараёнда иштирокчиларнинг хавфсизлиги, жамоат тартиби сақланиб, Янги йилни тинч, хотиржам, шоду хуррамлик билан кутиб олиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.
Фарҳод Тошбоев,
Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, подполковник.
ЎзА