Ҳар бир байрам болажонлар билан тотли. Айниқса, Янги йил шодиёналари уларга беғубор орзу-умидлар, меҳр-оқибат ва янги марралар олиб келишини интиқлик билан кутадилар. Республикамиз бўйлаб Янги йил байрами арафасида турли тадбирлар кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтмоқда. Ушбу шодиёналар, айниқса болажонларга ўзгача завқ бағишламоқда.
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги 566-сонли ДМТТда ўтказилган байрам тадбири ҳам болажонларга бир олам қувонч туҳфа этди. Байрам тадбирида ДМТТнинг соғломлаштириш гимнастикаси тўгараги аъзолари ўз чиқишлари билан иштирок этди. Шу билан бирга, “Рақслар жилоси” тўгараги аъзолари ҳам ўзларининг гўзал рақслари билан барчани хушнуд этди.


Тадбир катта арча атрофида уюштирилган бадиий дастур билан янада файзли бўлди. Қорбобо ва Қорқиз, турли мультфильм қаҳрамонлари образлари иштирокидаги саҳна кўринишлари, болажонларга олам-олам завқ улашди. Иқтидорли ўғил-қизларнинг шўх қўшиқ, тарона ва рақслари барчага шодлик ва ҳаяжон, кўтаринки кайфият бағишлади.


Тадбир сўнгида фаол иштирок этган болажонлар диплом ва совғалар билан тақдирланди.
Носиржон Ҳайдаров(сурат)
ЎзА