Янги вазифалар, устувор йўналишлар белгилаб олинди
Ширин шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида «Мактаб маслаҳатчисининг иш фаолиятини тўғри ташкил этиш» мавзусида вилоят амалий семинари бўлиб ўтди. Унда мактаб маслаҳатчилари фаолиятини самарали ташкил этиш, ўқувчиларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириш, уларни мактабдан ташқари таълимга кенг жалб этиш ҳамда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари Фаррух Алимов, Сирдарё вилояти «Келажак» маркази директори Аваз Маматов, Ширин шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Жамолиддин Жуманазаров, туман ва шаҳар «Келажак» марказлари директорлари ҳамда соҳа вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида мактаб маслаҳатчиларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва иш жараёнларини тизимли ташкил этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, умумий ўрта таълим муассасаларида «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастурининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, унинг мақсад ва ғояларини таълим-тарбия жараёнига татбиқ этиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларини аниқлаш ҳамда уларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, «Келажак» марказларининг мактаблардаги тармоқ тўгараклари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, ўқувчиларни қизиқиш ва истеъдодларига мос тўгаракларга жалб этиш, мактабдан ташқари таълим билан қамровни кенгайтириш ҳамда бу борадаги маълумотлар базасини мунтазам янгилаб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг тарихий меросга ҳурматини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ўқувчиларни тарихий обидалар, маданий ёдгорликлар ва миллий қадриятлар билан яқиндан таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик ва маданий меросга эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ёшларнинг етакчилик қобилияти ва ташаббускорлигини ривожлантириш ҳам семинарнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Мактабларда турли лойиҳалар, клублар ва дебатларни ташкил этиш, «Ўқувчилар кенгаши» фаолиятини йўлга қўйиш, ўқувчиларнинг жамоа билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларнинг мактаб ҳаётидаги фаоллигини ошириш юзасидан фикрлар ўртага ташланди.фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бундан ташқари, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишларидаги тадбирлар орқали ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китоб мутолаасига қизиқишини ошириш, эстетик диди ва жисмоний фаоллигини ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид билимларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Амалий семинар доирасида иштирокчилар мактаб фаолияти, тармоқ тўгараклари иш жараёнлари ҳамда мактаб маслаҳатчиларининг иш ҳужжатлари билан танишдилар. Фаолиятни режалаштириш, ҳужжатларни белгиланган талаблар асосида юритиш ва вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш бўйича тажриба алмашилди.

Семинар якунида мактаб маслаҳатчилари фаолиятини такомиллаштириш, иқтидорли ўқувчилар ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мактабдан ташқари таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда таълим-тарбия жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири