Янги уйлар кўпайгани сари масъулият ҳам ортмоқда
18 апрель — Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни
Сўнгги йилларда юртимизда уй-жойга бўлган талаб анча ошиб кетди. Аҳоли кўпайяпти, кўпчилик шаҳарга келяпти, ҳар ким яхши шароитли уйда яшашни хоҳлайди. Шунинг учун янги уйлар, кўп қаватли бинолар тобора кўпайиб бормоқда.
Бугун қурилаётган уйлар аввалгилардан анча фарқ қилади. Қулайликлар кўп, атрофида йўл, дўкон, мактаб, боғча бор. Айрим жойларда янги технологиялар ҳам қўлланиляпти. Бу эса одамлар ҳаётини енгиллаштираяпти.
Лекин уй қуришнинг ўзи етарли эмас. У ерда яшаш ҳам қулай бўлиши керак. Суви, чироғи, иссиқлиги жойида бўлмаса, энг чиройли уй ҳам қадрини йўқотади. Шунинг учун коммунал хизматлар ҳар доим яхши ишлаши жуда муҳим.
Шу ерда энг катта юк айнан шу соҳада ишлайдиган инсонлар зиммасига тушади. Улар ҳар куни совуқ ёки иссиқ демай ишлаб, одамлар уйида чироқ ёниб туриши, сув келиши, атроф тоза бўлишини таъминлаб келишади. Кўпинча уларнинг меҳнати кўзга ташланмайди, лекин ҳар бир қулайлик ортида айнан шу инсонларнинг заҳмати бор.
Бугун янги уйлар сони ортиб бораётган бир пайтда, бу масъулият янада ошмоқда. Энди нафақат бор тизимни сақлаш, балки уни янада яхшилаш, янги уйларни сифатли хизмат билан таъминлаш, муаммоларни тез ҳал қилиш ҳам талаб этилмоқда. Шунинг учун бу соҳада ишлайдиган ҳар бир инсоннинг меҳнати қадрли. Чунки улар бор экан, уйларимиз ҳақиқатан ҳам яшаш учун қулай масканга айланади.
Н.Раҳмонова, ЎзА