Янги уйга келин олиб келаяпмиз
Мирзаобод туманидаги Янги Ўзбекистон маҳалласини шу йил баҳорда кўрган одам энди кўрса, танимаслиги аниқ. Боиси, “Сардоба” сув омбори тошқини ортидан сув остида қолган маҳалла эндиликда 40 дан ортиқ уйларни ўзига жамлаган замонавий шаҳарчага айланган.
Маълумотларга кўра, бу ерда Оқолтин туманининг Шодлик, Саҳоват, Аҳиллик ҳамда Мирзаобод туманининг Дўнгариқ, Мирзачўл ва Ҳақиқат маҳаллаларида яшовчи уйлари яроқсиз ҳолга келган хонадон эгалари учун 800 хонадондан иборат 20 та кўп қаватли уй қурилиб, ўз эгаларига берилди.
Шунингдек, Навбаҳор маҳалласи ҳудудида Оқолтин туманининг Шодлик ва Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳаллалари аҳолиси учун 360 та хонадонли 9 та кўп қаватли уй-жой қурилди.
Янги уйларда яратилган шароит билан танишар эканмиз, хонадонларнинг кенг, ёруғ ва шинамлиги, барча зарур шароит муҳайё этилгани, қолаверса, кўп қаватли уйлар атрофида замонавий кутубхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, болалар боғчаси ва ўйингоҳлари, мактаб жойлашгани эътиборимизни тортди.
- Бундай шароитга эга уй, аввало, давлатимизнинг бизларга кўрсатаётган эътибордан одам рози бўлмай бўладими?!, - дейди Янги Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Абдухалил Жўраев. – Янги уйга қўшиб янги маиший техникалар, 40 миллион сўмдан компенсация берилди. Бундан ташқари, эски уйимиз ҳам ўзимизга қолди. Нафақат уйимиз, маҳалламизда ҳам барча зарур шароит мавжуд. Болалар боғчаси, сартарошхона, нонвойхона, кутубхона уйимиз ёнгинасида. Келиним уйда ишсиз эди, тикув фабрикасига чеварчиликка ишга қабул қилишди.
Дарҳақиқат, сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига 40 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, мини печ, электр чойнак, дазмол каби маиший техникалар берилмоқда.
- Энди келин оламиз деб, уйимизни таъмирдан чиқарган эдик, - дейди Азиза Исматова. – Ушбу воқеадан кейин тушкунликка тушиб қолдик. Шукрки, бизга барча шароитларга эга 3 хонали уй, 40 миллион сўм пул ва турли маиший техникалар беришди. Ўғлимнинг тўйини ўз уйимизда ўтказаяпмиз.
Бир гуруҳ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Адлия вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан мазкур уй-жойларни аҳолига адолатли ва шаффоф тарзда топширилиши таъминланмоқда.
Жумладан, бугунги кунга қадар ишчи гуруҳи томонидан 2 минг 932 та оиланинг уй-жой олиш масаласига оид мурожаатлари қабул қилиниб, қарийб бир ой давомида ўрганиб чиқилган. Маҳалла фаоллари, қўни-қўшниларнинг фикр-мулоҳазалари ва муносабатлари инобатга олинган ҳолда қуръа ташлаш йўли билан Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида жами 1 минг 842 та хонадон ўз эгаларига топширилган. Шундан, 1 минг 753 та хонадон эгалари ўз уйларига кўчиб ўтган. Фуқаролар билан келишиб, уйларнинг биринчи қавати қария ва ногиронлиги бор оилаларга ажратилган.
Мутасадди раҳбарларнинг маълум қилишича, янги уй-жойлар бўйича 53 та муаммо аниқланган. Жумладан, даладан бир хонали уй қуриб, ўша уйда бир кун ҳам яшамаган фуқаролар янги уй берилишини сўрамоқда. Ушбу ҳолат ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилиб, шу ойнинг охиригача уларга ҳам уй берилиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, умуман уйи йўқ, ижарада яшаётган 26 фуқаро ётоқхона тартибида қурилган уйларга жойлаштирилган.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА